Дарё бўйи маҳалласида ижтимоий ҳимоя ишлари манзилли йўлга қўйилган
Ҳар қандай жамиятнинг етуклиги унинг энг заиф қатламига кўрсатилаётган эътибор билан ўлчанади — бу қараш сўнгги йилларда мамлакатимизда амалий сиёсат даражасига кўтарилди. Ижтимоий ёрдамни идорадан маҳаллага, ҳужжатдан хонадонга яқинлаштириш эса шу йўлдаги энг сезиларли ўзгаришлардан бири бўлди. Чунки муҳтож оиланинг эҳтиёжини қоғозда эмас, унинг остонасида туриб аниқлаш самарали йўл саналади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 1 июндаги 82-сонли Фармони асосида маҳаллаларда ижтимоий ходим лавозими жорий этилиб, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож 12 тоифаси билан доимий, манзилли ишлаш тартиби белгиланди. Амударё тумани Дарё бўйи маҳалласида бу вазифани 2024 йил 25 ноябрдан буён ижтимоий ходим Гулжамила Қурбонбоева масъулият билан бажариб келмоқда.
Маҳалла ҳудудида 562 та хонадон жойлашган бўлиб, уларда 852 та оила истиқомат қилади. Жорий йилнинг тўққиз ойи давомида амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилиб, ижтимоий ходимнинг халқ билан нечоғлик яқиндан ишлашаётганига гувоҳ бўлиш мумкин.
Ижтимоий ходим фаолияти қамраб оладиган тоифалар қаторига ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз яшовчи кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, оғир касалликка чалинганлар, жисмоний, ақлий, сенсор ёки руҳий нуқсонлари бўлган ҳамда узоқ муддатли даволанишга муҳтож болалар, шунингдек тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари киради.
Шунингдек, кам таъминланган оилалар, етим ҳамда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилмасдан фарзандлари олиб кетилган ота-оналар, 18 ёшгача бўлган оналар ва оталар, ота-онаси ташқи меҳнат миграциясига кетган болалар, муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахслар, қаровсиз қолган болалар, озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб бўлган фуқаролар ҳамда фавқулодда вазиятлардан жабрланганлар ҳам ижтимоий ходимнинг доимий назоратида.
Ҳозирги кунда маҳаллада ёлғиз яшовчи кексалар реестрига 2 нафар фуқаро киритилган бўлиб, уларга ассистент хизмати кўрсатилмоқда. Бундай ёндашув ёшга ёки соғлиғига кўра ўз-ўзига хизмат кўрсата олмайдиган инсонларнинг кундалик эҳтиёжлари эътибордан четда қолмаслигини таъминлайди. Айтиш жоизки, ёлғиз кексалар билан ишлашда ёрдамнинг мунтазамлиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Маҳаллада ногиронлиги бўлган фуқаролар сони 74 нафарни ташкил этади. Шундан 12 нафари 1-гуруҳ, 42 нафари 2-гуруҳ, 3 нафари 3-гуруҳ ногиронлигига эга, 17 нафари эса ногиронлиги бўлган болалардир. Ҳар бир шахс билан индивидуал тарзда, манзилли иш олиб борилмоқда. Уларнинг эҳтиёжлари хонадонларда ўрганилиб, тегишли ёрдам турлари белгиланади.
Жумладан, “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилмоқда, Нукус туманидаги Ақмангит шаҳрида жойлашган реабилитация марказида стационар даволаниш учун аризалар расмийлаштирилмоқда. Айни пайтда 1-гуруҳ ногиронлиги бўлган Сирожиддин Ҳайтибоев ана шу марказга даволанишга юборилган. Бу каби мурожаатлар ижтимоий реестрда турувчи фуқаролар эҳтиёжидан келиб чиқиб кўриб чиқилади.
Доимий даволанишга муҳтож ва ижтимоий реестрда ҳисобда турган фуқароларнинг мурожаатлари асосида хонадонларга артезиан қудуқ, сув насоси ҳамда сув фильтри ўрнатиб берилмоқда. Шу тариқа 4 та хонадон тоза ичимлик суви билан таъминланди, бу эса уларнинг кундалик ишларини анча енгиллаштирди.
Техноген офат оқибатида уйида ёнғин содир бўлган Анвар Жумановга “Саховат ва кўмак” жамғармасидан 20 миллион сўм миқдорида ёрдам кўрсатилиб, унинг уй-жойи таъмирланди. Ёнғин туфайли шахсни тасдиқловчи ҳужжатлари яроқсиз ҳолга келгани сабабли, “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази юристи томонидан ҳуқуқий ёрдам берилди. Натижада оила аъзоларининг паспортлари, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари ва уйнинг кадастр ҳужжати қайта расмийлаштирилди.
Шунингдек, боқувчиси йўқ, 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган Дилафруз Ўразбаева маҳаллада ногиронлиги бўлган болалар учун ташкил этилган кундузги парвариш хизмати боғчасига доимий ишга жойлаштирилди. Доимий иш ўрни бундай оилалар учун ишончли даромад манбаига айланади.
Маҳаллада васийлик ва ҳомийликка олинган 2 нафар вояга етмаган бола бор бўлиб, уларнинг яшаш шароити ҳар ой хонадонга бориб мониторинг қилинади. Бола манфаати биринчи ўринда турадиган бундай назорат тарбия муҳитидаги камчиликларни ўз вақтида аниқлаш имконини беради. Мунтазам бориб кўриш эса васийлар билан ишончли мулоқот ўрнатишга хизмат қилади.
Маҳаллада яшовчи ёши 80 дан ошган 13 нафар отахон ва онахонга уйда қаровчи бириктирилган. Улар билан бир хонадонда яшовчи, бандлиги таъминланмаган фуқаролар учун бу хизмат меҳнат стажи сифатида ҳисобланиб борилмоқда, бу эса ҳам кексаларга парвариш, ҳам оила аъзоларига ижтимоий кафолат беради. Боқувчиси йўқ оилаларнинг шароити ҳам манзилли ўрганилиб, белгиланган мезонлар асосида тегишли хизматлар кўрсатилмоқда.
Ушбу рақамлар шунчаки ҳисобот эмас, уларнинг ортида ўнлаб, юзлаб инсонларнинг тақдири, орзу-истаклари туради. Маҳалла даражасидаги ижтимоий ишнинг қиймати ҳам айнан шунда — эҳтиёжни ўз вақтида аниқлаш ва унга амалий жавоб беришда намоён бўлмоқда.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶