Юқумли касалликларга қарши эмлаш бўйича кўргазмали семинар ўтказилди
Ҳайвонлар орасида тарқаладиган ўта хавфли юқумли касалликлар нафақат чорвачилик хўжаликларига иқтисодий зарар етказади, балки аҳоли саломатлиги учун ҳам таҳдид туғдиради, шу боис уларнинг олдини олиш ветеринария хизмати фаолиятининг асосий йўналиши ҳисобланади.
Амударё тумани ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими томонидан Бештом маҳалласи ҳудудидаги «Маҳмуд-Мансур-Музаффар» масъулияти чекланган жамиятига қарашли фермада куйдиргига қарши кузги профилактик эмлаш бўйича кўргазмали семинар бўлиб ўтди. Тадбирда ветеринария шифокорлари ва ташхис маркази мутахассислари қатнашди.
Семинарда таъкидланганидек, туманда чорвачилик йўналишида 53 та субъект фаолият кўрсатмоқда ва 2026 йилда барча тоифадаги хўжаликларда қорамоллар сони 181,3 минг бошга етди. Жорий йилнинг ўтган даврида жами 17,4 минг тонна гўшт тайёрланиб, 69,3 тонна сут соғиб олинди. Ҳозирда туман бўйича барча тоифадаги хўжаликларда 67,9 минг бош майда шохли мол мавжуд бўлиб, 9 та паррандачилик субъекти ва аҳоли хонадонларида 1 миллион 132 минг бош парранда боқилмоқда.
Бўлим томонидан қишлоқ хўжалиги ва уй ҳайвонлари орасида ўта хавфли касалликларнинг олдини олиш мақсадида туманда 5 та ишчи гуруҳи тузилган бўлиб, уларга ветеринария ва ташхис маркази мутахассисларидан 28 нафари жалб қилинган. 2026 йилнинг ўтган 8 ойида қатор диагностик ва профилактик тадбирлар амалга оширилган.
Жумладан, бруцеллёзга қарши салкам 40 минг бош йирик ва салкам 15 минг бош майда шохли моллар, қорасонга қарши 12,5 минг бош йирик шохли моллар эмланган. Куйдиргига қарши эса 74 минг бошга яқин йирик, 56 минг бошдан ортиқ майда шохли мол, 467 бош от ва бошқа турдаги ҳайвонлар эмлашдан ўтказилган. Бундан ташқари, 12 минг 172 та объектдаги 684 минг 934 квадрат метр майдонда дезинсекция ишлари бажарилган. Ветеринария-санитария қоидаларини бузган 8 нафар фуқарога нисбатан 1 миллион 648 минг сўм жарима қўлланилган.
Кўргазмали машғулотлар давомида мутахассислар томонидан куйдиргига қарши кузги профилактик эмлаш жараёнида эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар ҳақида маълумотлар берилиб, эмлаш жараёнлари кўргазмали тарзда намойиш қилинди. Бундай машғулотлар ветеринария мутахассислари ҳамда фермер хўжаликлари, чорвачилик билан шуғулланувчи корхоналар ўртасидаги амалий ҳамкорликни мустаҳкамлайди, эмлаш ишларининг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлайди. Бу эса ҳудудда ветеринария осойишталигини сақлаш ва чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни барқарор ошириб бориш имконини беради.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶