Таълим сифати – бош мақсад: туман раҳбарлари 40-сонли мактаб жамоаси ва ўқувчилари билан учрашди
Таълим – ҳар қандай жамият тараққиётининг асосий пойдевори ва мустаҳкам таянчидир. Янги Ўзбекистонда бу пойдеворни янада мустаҳкамлаш, келажак эгалари бўлган ёшларга жаҳон стандартлари даражасида сифатли билим бериш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ҳурматли Президентимиз томонидан белгилаб берилган пайшанба — Ёшлар куни муносабати билан жойларда ўтказилаётган тадбирлар ва амалий мулоқотлар ҳам шу мақсадларга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Ушбу муҳим сана доирасида Амударё тумани ҳокими Собир Хўжаметов бошчилигидаги туман раҳбарлари 40-сонли умумтаълим мактабида таҳсил олаётган ёшлар билан учрашди.
Мазкур амалий ташриф доирасида мактабдаги таълим-тарбия жараёни, ўқувчилар учун яратилган замонавий шарт-шароитлар, синфхоналарнинг инновацион жиҳозланиши, таълим сифати ҳамда ўқувчиларнинг билим олишлари учун мавжуд имкониятлар билан яқиндан танишилди. Шунингдек, мактаб жамоасининг таълим соҳасида эришаётган ютуқлари, ўз касбига садоқат билан меҳнат қилаётган фидойи устозларнинг фаолияти, ўқувчиларнинг фан олимпиадалари ва турли танловларда қўлга киритаётган натижалари юзасидан фикр алмашилди.
Маълумот ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мазкур умумий ўрта таълим мактаби 1984 йилда ташкил этилган бўлиб, 1176 ўқувчи ўрнига мўлжалланган ушбу масканда ҳозирги вақтда 1754 нафар ўқувчилар таҳсил олмоқда. Ушбу катта жамоа 57 та синфга тақсимланган бўлиб, шундан 16 таси вариатив синфлардир. Бу эса ўқувчиларнинг қизиқиш ва қобилиятларига қараб йўналтирилган таълим олиш имкониятини яратади.
Бунчалик катта миқдордаги ўқувчиларга сифатли таълим бериш масъулияти 112 нафар фидойи ўқитувчилар зиммасига юклатилган. Уларнинг барчаси олий маълумотли мутахассислар эканлиги эътиборга молик. Педагогларнинг 32 нафари олий тоифали, 34 нафари 1-тоифали, 33 нафари 2-тоифали ва 13 нафари мутахассис тоифали ўқитувчилардир. Таълим сифатини ошириш йўлидаги тинимсиз изланишлар натижасида бугунги кунда ўқитувчиларнинг 61 нафари халқаро ва миллий сертификатларга эга.
Меҳнатни муносиб рағбатлантириш тизими ҳам мазкур мактабда ўзининг юксак самарасини бермоқда. Жумладан, мактаб ўқитувчиларининг 5 нафари вазир жамғармасидан ойлик маошларига қўшимча тарзда 7,5 млн сўм устама ҳақ оладилар. Бундан ташқари, 11 нафар устозлар ойлигига 70 фоизлик устама олишади. Мактаб директор жамғармасидан 23 нафар ҳамда халқаро ва миллий сертификатлар соҳиби сифатида 61 нафар устозлар 20 фоиздан 50 фоизгача қўшимча устама ҳақ олишлари уларнинг ўз устида мунтазам ишлашлари учун кучли мотивация бўлиб хизмат қилмоқда.
Мактаб фахрига айланган фидойи устозлар ҳақида сўз кетганда, Нурбек Жуманиёзовнинг номини алоҳида тилга олиш ўринлидир. У “Шуҳрат” медали совриндори, “Ўзбекистон халқ таълими аълочиси”, “Қорақалпоғистон халқ таълими аълочиси”, “Ватан фидоийси” кўкрак нишонлари соҳибидир. У ва бошқа устозларнинг тинимсиз меҳнатлари натижасида мактаб ўқувчилари 5 йилдан буён “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” кўрик-танловининг туман босқичида ғолиб чиқиб, 100 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритиб келмоқдалар. 2024-2025 ўқув йилида ушбу жамоа Қорақалпоғистон Республикасида 2-ўринни олиб, 200 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритган бўлсалар, 2025-2026 ўқув йилидаги танловнинг республика босқичида 3-ўрин соҳиби бўлдилар ва 150 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритдилар.
Шунингдек, мактабнинг фаол ўқитувчиларидан Шерзод Аширов ҳам олий тоифали математика ўқитувчиси бўлиб, у ҳам “Ватан фидоийси”, “Қорақалпоғистон халқ таълими аълочиси” кўкрак нишонларининг соҳиби ҳисобланади. Мактабнинг физика фани ўқитувчиси Сарвар Яхшимов ҳам доимо фаол изланишда бўлган устозлар сафида.
Битирувчиларнинг кўрсаткичлари ҳам ҳар қандай таълим масканининг нуфузини белгиловчи асосий мезонлардан биридир. Ўтган йилги 143 нафар битирувчилар жами 375 та сертификат соҳиби бўлдилар. Битирувчиларнинг 141 нафари олий таълим даргоҳларига ҳужжат топширган бўлса, уларнинг 75 нафари давлат олий таълим муассасаларига, 10 нафари хусусий олий таълим муассасаларига ва 1 нафари хорижий олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиндилар. Яна 1 нафар битирувчи техникумга ҳужжат топширди. Бугунги кунда уларнинг 86 нафари талабалик бахтига муяссар бўлди, Қорақалпоғистон ёшларига бериладиган қўшимча квота натижасида яна 35 нафар битирувчининг аксарияти талабалари сафидан жой олиши кутилмоқда.
Ўқувчиларга замонавий таълим бериш учун мактабда жуда яхши шароитлар яратилган. Бугунги кунда мактабда 2 та компьютер синфи мавжуд, спорт зали, ошхона ва 4 та куни узайтирилган гуруҳ фаолият кўрсатмоқда. Мактаб жамоаси бундан 2 йил олдин “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида фаол иштирок этиб, ғолиб бўлди ва 1,36 миллиард сўмлик ёпиқ спорт майдончасини ютиб олишга эришди. Бугунги кунда ўқувчилар ушбу спорт иншоотидан жуда самарали фойдаланмоқдалар.
Футбол бўйича юқори синф ўқувчилари ўртасида ўтказилган “Беш ташаббус олимпиадаси”да ўқувчилар туманда 1-ўринни олиб, Қорақалпоғистон Республикаси босқичида иштирок қилдилар ва бу йил 4-ўрин билан қаноатландилар. Бугунги кунда ушбу олимпиада доирасида спортнинг бир неча турлари бўйича мактаб ўқувчилари фаол иштирок этмоқда.
Энг қувонарлиси шундаки, мактаб ўқувчиларидан кўпчилиги нуфузли халқаро мусобақаларда ғолиб бўлмоқда. Жумладан, Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрида ўтказилган олимпиадада олтин медаль билан, АҚШнинг Маями шаҳрида ўтказилган KESO олимпиадасида бронза медаль билан, шунингдек, Россияда бўлиб ўтган халқаро мусобақаларда олтин медаль билан тақдирланиб, юртимиз байроғини баланд кўтардилар. Қолаверса, ҳарбий ватанпарварлик спартакиадасида мактабнинг 10- ва 11-синф ўқувчилари туманда 1-ўринни эгаллаб, Қорақалпоғистон Республикасида 2-ўрин соҳиби бўлишди.
Ташриф давомида мактабда ташкил этилган турли тўгараклар фаолияти ҳам кўздан кечирилди. Ўқувчилар учун барча шароит яратилган бўлиб, турли саналар муносабати билан маданий-маънавий тадбирлар мунтазам ўтказилиб келинмоқда. Хусусан, “Йилнинг энг яхши ўзбек тили фани ўқитувчиси” кўрик-танловида мактабнинг она тили ва адабиёт ўқитувчиси Иқболой Юсуфова 2 йилдан буён Қорақалпоғистон Республикасида 1-ўринни олиб, Ўзбекистон Республикасида 3-ўринни эгаллаб келмоқда. Ҳуқуқ фани ўқитувчиси Ирода Яхшимуродова эса “Йилнинг энг яхши ҳуқуқ фани ўқитувчиси” кўрик-танловида Қорақалпоғистон Республикаси босқичида ғолиб чиқди ҳамда “Йил ўқитувчиси” кўрик-танловининг 3 та босқичида ҳам муваффақиятли қатнашиб, “Энг яхши тақдимот эгаси” номинацияси билан тақдирланди. Фанлар олимпиадасининг туман босқичида 12 нафар ўқувчи ғолиб бўлиб, Қорақалпоғистон Республикаси босқичида иштирок қилдилар ва 2 нафар ўқувчи фахрли ўринлар соҳиби бўлишди.
Истеъдодли ёшлар “Турон” мактаб театри танловида ҳар йили туман ғолиби сифатида Қорақалпоғистон Республикаси босқичида иштирок этадилар. Ушбу жараёнда уларга она тили фани ўқитувчилари Иқболой Юсуфова ва Инобат Қиличевалар раҳбарлик қиладилар. Шунингдек, ёшлар мактаб ансамбллари кўрик-танловида туманда 2-ўрин соҳиби бўлишди. Бу муваффақиятда олий тоифали мусиқа ўқитувчиси Дилфуза Ҳабибуллаеванинг хизматлари катта.
Ушбу таълим даргоҳи “Аъло мактаб” кўрик танловида 53 та кўрсаткич бўйича ўтган йили Қорақалпоғистондаги 700 дан ортиқ мактаблардан 1-гуруҳ мактаблари орасида 684 балл тўплашга муваффақ бўлди ва 2-ўринни эгаллади. Мактаб раҳбариятининг ташаббускорлиги ҳам таълим даргоҳининг юксалишига хизмат қилмоқда. Жумладан, мактаб директори Санобар Хўжамуротова Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳридаги Саравак университетида энг юқори балл олган мактаб директорлари сафида 10 кунлик курсларда малака ошириб келди. Ўтган йили математика фани ўқитувчиси Шерзод Аширов ва физика фани ўқитувчиси Сарвар Яхшимов “Қорақалпоғистон устози” кўрик-танловининг ғолиби сифатида Туркияда бепул таълим саёҳатида бўлиб келдилар. Бугунги кунда мактаб директорининг ҳам, маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосарининг ҳам менежерлик сертификати мавжуд.
Туман ҳокимининг мазкур ташрифи фақатгина ютуқлар билан танишиш билангина чекланиб қолмади. Мактабдаги мавжуд муаммо ва камчиликлар ҳам атрофлича ўрганилди. Чунки таълим сифатини ошириш, ёшлар учун муносиб шароит яратиш ҳақида гап кетганда, мавжуд муаммоларни вақтида аниқлаш ва уларнинг амалий ечимини топиш ҳам муҳим аҳамиятга эгадир. Тадбир якунида тегишли масъулларга аниқланган масалаларни чуқур ўрганиш, мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб уларни бартараф этиш ҳамда мактабдаги таълим-тарбия жараёнини янада такомиллаштириш юзасидан зарур ва қатъий топшириқлар берилди. Ёшларга ва таълим соҳасига қаратилаётган бундай доимий эътибор, шубҳасиз, эртанги кунимизнинг янада нурафшон бўлишига хизмат қилади.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶