Эскирган боғлар ўрнида интенсив боғлар барпо этилади
Боғдорчилик аҳолини сифатли мева билан таъминлашда муҳим ўрин тутадиган тармоқдир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 9 июндаги «Саноат усулидаги интенсив мевали боғлар барпо этиш ва эскирган боғларни янгилашни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони эскирган боғларни янгилаш, замонавий интенсив боғ ва токзорлар яратиш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берди.
Бугун Амударё туманида 203 та фермер хўжалиги ва қишлоқ хўжалиги корхонаси тасарруфида 1160,2 гектар мевали боғ ва токзор мавжуд. Жорий йилги хатлов натижасида уларнинг 708 гектари ҳосилли, 36 гектари эса яроқсиз ва самарасиз экани аниқланди. Жумладан, Тош ёп овули ҳудудидаги «Ҳакимбой боғи» масъулияти чекланган жамиятига қарашли 12 гектар майдонда фойдасиз деб топилган узумзор ўрнида куз мавсумида янги мевали боғ тўлиқ барпо этилиши белгиланган.
Агросаноатни ривожлантириш агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумани лойиҳа офиси бош мутахассиси Юнус Отажонов ва лойиҳа офиси агрономи Жавлон Ражабов боғдорчилик йўналишидаги корхоналар раҳбарларига Фармоннинг мазмун-моҳияти ва берилаётган енгилликларни тушунтирмоқдалар. Ҳужжатнинг 1-бандида 2026–2028 йилларда 112 минг гектар саноатлашган боғлар барпо этиш мақсади қўйилган бўлса, 3-бандига кўра, 2026 йил 1 июлдан 5 гектар ва ундан ортиқ майдондаги лойиҳалар учун Агентлик техник шартлар ёки техник-иқтисодий асослар ишлаб чиқади.
Фармоннинг 6-бандига кўра, талабларга жавоб берадиган лойиҳаларга тижорат банклари орқали 7 йил муддатга, 3 йиллик имтиёзли давр билан, йиллик 14 фоиз ставкада ҳар бир гектар учун 120 миллион сўмгача кредит ажратилади. Шунингдек, парвариш харажатларини қоплаш учун дастлабки уч йил давомида ҳар йил якунида гектарига 5 миллион сўмдан субсидия берилади.
Туман шароитида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, Фармонда 2026 йил 1 августдан бошлаб сув тежовчи технологиялар жорий этилган саноатлашган боғларда бурғиланган қудуқлар суви учун солиқ ставкасини беш йил муддатга 1 сўм этиб белгилаш назарда тутилган.
Фармонда шунингдек, эскирган боғларни аниқлаш ва боғ эгаларига маслаҳат бериш лойиҳа офислари ҳамда агрономларнинг асосий вазифаси этиб белгиланган. Қолаверса, «ақлли боғ ва токзор» технологияларини жорий этиш кўзда тутилган. Шу асосда агрономлар ҳар бир боғнинг тупроқ-иқлим шароитини ҳисобга олиб, 2026–2027 йилларга режа-дастурлар ишлаб чиқдилар.
Белгиланган имтиёзлардан унумли фойдаланилса, эскирган боғларни босқичма-босқич янгилаб, туманда юқори ва сифатли ҳосил берадиган саноат усулидаги боғдорчиликни ривожлантириш имконияти кенгаяди. Агросаноатни ривожлантириш агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумани лойиҳа офиси мутахассислари эса бу борада боғбон ва деҳқонларга яқиндан ёрдам кўрсатиб келмоқда.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶