21.09.2026
Тил Oʻz Qq Ёзув Кирилл Lotin
Reklama banneri
Ҳарф ўлчами Ранг Расмлар
21.09.2026, 13:05
Адабиёт 👁 2,954

КУНЛАРДАН БИР КУН МАҲАЛЛАДА...

КУНЛАРДАН БИР КУН МАҲАЛЛАДА...

Сафаргул энанинг катта ўғли Анваржон янги ҳовли-жой қуриб, рўзғорини бўлаклади. Маҳалла-кўйга дастурхон ёзиб, янги иморатга кўчиб ўтди. Анваржон ҳовли қурган янги кўчага эндигина беш-олти оила кўчиб келгани учун томорқага оқар сув олиб келишда анча қийналишди. Яхшиямки энди пойдевор кўтараётган бир-икки қўшнилари жуда самимий, тушунадиган одамлар экан, биргалашиб маҳаллани кесиб ўтган катта ёпдан ёнбош ариқ қазиб, сув чиқаришди. Қўшниларидан бири Саъдулла исмли йигит ҳеч кимга қўшилмади.

- Сизлар қазийверинглар, мен ҳовлимга артезиан қудуқ қурдирганман, - деди назар-писанд қилмай.

- Саъдуллабой, - деди янги қўшнилар ичида кексароқ Турсунбой ака, - бари-бир томорқага оқар сув яхши. Қудуқнинг суви совуқ бўлади, деҳқончиликка унчалик тўғри келавермайди.

- Ақлингни майдалаб сигир-бузоғингга бер, ака, - "чирт” этиб ерга тупурди Саъдулла. – Керак бўлса, ўнта ариқ ковламайсанми, менга ариғинг керак эмас!

У шундай деб машинасига ўтириб, жўнаб қолди.

Кўчага ариқ қазилгач, янги кўчиб келган оилаларнинг барчаси томорқаларини экишга тайёрлай бошлашди. Саъдулла эса ҳар куни артезиан қудуққа электр насос улаб, томорқасини суғоришга чоғланади. Ўн-ўн беш дақиқа сув чиқаради-ю, электр насос "пақ”, этганча ўчиб қолади. Насосни токдан ажратиб, у ер-бу ерини кўргач, яна улайди. Салдан кейин яна ўчади. Жиғибийрони чиққан Саъдулла гоҳ олдидаги тилсиз темирни, гоҳ хотини, бола-чақасини сўкади. Экиш мавсуми эса ўтиб бораётир.

- Куйиб-пишавермай, қўйинг шу матоҳингизни, - азбаройи ачинганидан қўшнисиникига чиқди Анваржон. - Ана, эшигингиз олдида ариқ тўла сув, қулоқни очсангиз, беминнат оқаверади.

Анварнинг самимият билан айтган бу гапи Саъдуллага ҳақоратдай туюлди.

- Нима, устимдан кулаяпсанми? – Қўлларини белига қўйиб, Анвар томон ҳезланди у. – Мен сендан сув сўрадимми? Эшигим олдидан шу ариғингни олиб кет, нима, мақтанаяпсанми ариқ қазиганинг учун!

Анваржон ҳанг-манг бўлиб қолди. Шовқинни эшитиб, уйига меҳмонга келган онаси Сафаргул эна ҳам кўчага чиқди.

- Ҳай, болам, - деди у Саъдуллага юзланиб. – Ер, сув – Аллоҳнинг инояти. Биз эса унинг суюкли бандаларимиз. Яхшилик иши миннат учун қилинмайди. Ариқ қазиш ҳам энг яхши амаллардан бири. Қолаверса, бу ариқ уни қазиган одамларники эмас, элники, маҳалланики. Хоҳлаган одам унинг сувини ичсин.

Можаро устига келиб қолган янги қўшнилар бир Сафаргул энага, бир ўжар ва манман Саъдуллага қараганча жим туришарди.

- Норгулой, қани белкурагингни олиб келчи, - буюрди Сафаргул эна Саъдулланинг аёлига.

Қўшнилар олдида эрининг манманлигидан бир сиқим бўлиб турган Норгулой тезда белкурак келтириб, энага тутқазди.

- Ўғлим, - деди Сафаргул эна ариқдан Саъдулланинг томорқасига қулоқ очаркан, - мен онанг-дай бир одамман. Аслида сени ўша ариқ қазилган кундаёқ яхшилаб савалашим керак эди. Бу феълинг билан ўғлим, одамларга эл бўлишинг жуда қийин. Манманлик, кибр-ҳаво – шайтоннинг иши. Шайтоннинг ишини қилмоқ эса гуноҳ.

Онаси тенги нуроний аёлнинг гапларига бирон нарса дейишдан ожиз қолган Саъдулла ер чизиб қолди. Сафаргул эна очган қулоқдан шариллаб оққан сув бир зумда Саъдулланинг томорқасига ёйилди.

Шу воқеадан сўнг Саъдулла ўзгарди. Босиқ ва мулойим бўлиб қолди. Сафаргул эна ўғлиникига кейинги гал келганида Анваржон уни яхши хабар билан кутиб олди:

- Саъдулла биз қазиган ариқнинг бош соқасига бетон қуйиб, шандор ўрнатиб берди, - деди у қувониб. – Энди қулоқни очиб-ёпишда қийналмайдиган бўлдик.

Сафаргул эна майин кулиб қўйди.

 

Қўшнининг тутуни

Саломат чеча янги тандир сотиб олди. Тандир учун жой ҳозирлаб, тезроқ қуриб олишни мўлжаллаб, ишни бошлаб юборди. Қишлоқ эмасми, томорқа ери анчагина кенг эди. Тандирни ўрнатиш учун танлаган жойи ҳам боғ-роғга, молхона-ю дов-дарахтга зарар келтирмайдиган ерда.

Ўғли Сардоржон жўралари билан бир пасда сомонли лойни қориб беришди. Ён қўшниси Исмоил жуда одамохун, меҳнаткаш йигит-да, "чеча”- "чеча”, - деб одамнинг жони бўлади-я, ўзиям. Саломат чечанинг эри Дуйшан оға билан иккаласи тандирни ўрнатиб, сомон сувоқ уришди-да, ичига пастгина олов ёқишди. Тандир аста-секин қизиган сари Исмоил билан Дуйшан оға галма-галдан тандир сиртига сомон сувоқ уриб туришди.

- Ана энди бўлди, - деди Дуйшан оға қўлининг лойини юваркан, - фақат эринмай, яхшилаб қиздириш керак.

Исмоилнинг аёли Замира, яна икки-уч қўшни аёллар "ўнг бўлсин, тўйларда нон ёпинг, чеча”, деб навбатма-навбат тандирга ўтин ташлаб туришди. Тандирга яқин жойдаги оқтол остига шолча тўшаб дастурхон ёзган Саломат чечанинг кенжа келини қўшниларини чойга таклиф этди. Бири сўзлаб, бири кулиб, ҳазил-ҳузул билан тандир қиздираётган қўшнилардан бири:

- Чеча, энди бу тандирни қиздириб, ёғли патир билан гўмма ёпиб, тандир зиёфат қилмасдан кетмаймиз, - деди кулиб.

- Худо хоҳласа, бари бўлади! - Қувонч билан деди қўшниларидан миннатдор Саломат чеча.

Кун бўйи тиниқ бўлган об-ҳаво кечқурун бироз ўзгарди, шамол эса бошлади. Бир-икки томчи ёмғир ҳам тушди. Салдан кейин ёмғир тезлашиб, бир-икки дақиқа шаррос қуйиб берди. Тандирдаги ўт ўчмаслиги учун Дуйшан оға ёрдамида аёллар каттароқ тўнкани қалаб юборишди. Ёмғир таъсириданми, бироз муддат тўнка тутаб турди. Шу пайт кутилмаган воқеа содир бўлди.

- Дуйшан! – Кўча томондан ҳовлига кириб келаётган ён қўшниси Мурод тажанг овозининг борича бақирди.

Тандир бошидаги қўшни аёллар азбаройи қўрқиб кетишганидан ёқаларига "туф”лаб қўйишди.

- Дуйшан! – ҳамон овозини пасайтирмай, бақирганича Дуйшан оға томон юрди Мурод тажанг. – Ё тутунингни йўқот, ё тандирингни! Нима, мен сенинг тутунингни ютадиган заводингманми?

Дуйшан оға индамай турар, унга сари Мурод тажанг жазавага тушиб бақирарди. У кўп гапирди, сўкинди, ҳатто тандир яқинига келиб тепинди. Дуйшан оға ҳам, Саломат чеча ҳам лом-лим дейишмади-ю, янги тандирни тепгани учун Исмоил чидай олмади.

- Мурод оға, инсофингиз борми, ахир бу тандир-ку, тандир Аллоҳ таолонинг оловхонаси-я, тавба денг, - деди Мурод тажангнинг қўлларидан тутаркан.

У Исмоилни силтиб юборди:

- Қўй-е, - деди ғазаб билан, - менга сафсата сўқма, ҳамманг бир бўлишиб, мени кунлаяпсизлар, бойлигимни кўролмаяпсизлар. Уйимни эса тутунга тўлдирдинглар!

У депсинганича чиқиб кетди. Мўъжиза юз бердими, ё бекордан-бекорга дили оғриган инсонларни Аллоҳ ёрлақадими, бироз ўтиб шамол ўз йўналишини ўзгартирди. Саломат чеча қўшни аёллар билан то тонггача тўхтатмасдан ўт ёқиб, янги тандирни яхшилаб қизитишди. Бир-икки соат тандирни совутиб қўйишди. Келинлари тайёрлаб қўйган ёғли патир, гўштли гўммалар ёпилгач, барчаси, оқ тол тагида янги тандирнинг тилакларини қилишиб, анчагача чақ-чақлашиб ўтиришди. Фақат ён қўшниси Мурод тажанг ва унинг аёли Меҳрибонгина чиқишмади.

Шу воқеадан сўнг ҳар гал Саломат чечанинг келинлари хамир қилишганида чеча ўтириб илтижо қилади:

- Худойим, бугун шамол Муродларнинг уйи томонга эсмасин-да!

Орадан бир йилча вақт ўтди. Бу орада Мурод тажанг бир неча марта Дуйшан оғага "тандирингни йўқот ёки тутунингни ол!”,- деб дўқ уравериб безор қилди. Охири Дуйшан оға тандир учун газ тармоғига алоҳида ҳисоблагич қўйдириб, табиий газ билан қизитиладиган қилиб берди. Энди тандир масаласини ҳал қилдим, тинчидим, деганида Мурод тажанг:

- Уйим тандирингдан чиққан газ исига тўлиб кетди, сен ўзи менга душмансан, - дейдиган бўлди.

Безор бўлган Дуйшан оға келинларига тандирга нон ёпишни ман қилди.

- Ҳув, маҳалла гузаридаги нонвой хотинга ёптирақолинглар, - деди охири.

Мана уч ойдирки, Саломат чечанинг келинлари ошган хамирни кўтариб, маҳалла гузарига бориб, нонвойга нон ёптиришади.

Шундай кунларнинг бирида Мурод тажангнинг келини додлаганича Дуйшан оғаникига кирди.

- Ёрдам беринг, молхона ёнаётир!

Қўни-қўшни, аёл-у эркак – ҳамма Мурод тажангникига чопишди. Оғилхона яқинида ёқилган ахлат уюмидан чиққан учқун туфайли устига хашаки ўт босилган чердакка ўт кетганди. Ким челакда, ким тос лаганда сув ташиб турди. Дуйшан оға билан Исмоил тинмай оловга сепиб, ўтни ўчиришга интилишди. Аёллар чувиллашиб молхонадаги молларни бўшатиб, товуқхона эшигини очиб юборишди. То ўт ўчирувчи машина етиб келгунча олов ўрлаб Дуйшан оғанинг қўрасига, ундан Исмоилникига ўтди. Мол-ҳолларини бўшатиб юбориб, оловга тинмай сув сепиб юрган Дуйшан оғани ҳам, Исмоилни ҳам одам таниб бўлмасди. Иккаласининг ҳам юзи тутундан қорайиб кетган, фақат тишлари кўринарди. Олов ўчирилгач, Дуйшан оға оёқ-қўлларида чидаб бўлмас оғриқ сезди. Унинг қошлари, соч-соқоли, юзи ҳам анчагина куйган, оёғи ва қўллари шилиниб кетганди. Боз устига бозорда, тижоратда бўлган Мурод тажанг ёнғин чиққанини эшитибоқ етиб келиши билан Дуйшан оғани сўка бошлади.

- Айтмадимми, сенинг тандиринг мени хонавайрон қилади, деб. Сенинг умуман дўстлигинг йўқ...

У яна нималар деди, қандай ҳақорат сўзларни айтди, Дуйшан оға унинг гапларини эшитмади. Боши ғувиллаганича ерга гурсиллаб йиқилди. Тинмай олов билан олишган Дуйшан оға ва Исмоилни шифохонага олиб кетишди. Аёл, бола-чақасини, уларга қўшиб Дуйшан оғани бўралаб сўкаётган Мурод тажангга ҳеч ким "қўй, олов аслида сенинг ҳовлингдан чиқди”, - демади-ю, кўпни кўрган кекса Ўрозмат бобо ҳассасини Мурод тажангга ўқталиб, унинг юзига тупурди:

- Одам эмассан!, - деди-ю бу ерни тарк этди.

Бир хафтадан сўнг Дуйшан оға билан Исмоил шифохонадан соғайиб, уйларига қайтишди. Кетма-кет омонликка жонлиқ сўйишиб, худойи садақа беришди. Икки қўшни ҳовли ўртасидаги уч ойдан бери олов кўрмай, зах торта бошлаган Саломат чечанинг тандирига яна олов ёқиб, бўрсилдоқ нонлар, патирлар ёпишди. Моли-жонлари омон қолгани учун шукроналар қилишди. Худойи садақага бутун қишлоқ аҳли келди. Фақат бир киши - Мурод тажанггина кўринмади, афтидан келишга, қишлоқдошларига, қўшниларига кўринишга юзи чидамади.

Худойи садақа тарқагач, нуроний Ўрозмат бобо:

- Дуйшан, Исмоил иним, - деди босиқлик билан. – Одамзот бешикдан қабргача илм ва ақл ўрганади. Бировнинг ақли эрта, бировники кеч киради. Қани, туринглар, Муродбойни жудаям четлатиб қўймайлик, уйига кирамиз.

Бир товоқ палов устига гўшт, патир босиб Мурод тажангникига киришди.

- Келинглар, - деди у бошини ердан кўтараолмай. Бошқа гап гапирмади.

- Келдик, ўғлим. Омонликда гап кўп, яхшиликда – фазилат бисёр. Биз шу йўлдан келдик, болам...

Ўрозмат ота: "сен ундай қилгандинг, биз бундай”,- демади. Мурод тажангнинг қилиқларини юзига солиб, изза қилмади, урушмади, сўкмади. Лекин шу куни Мурод тажангнинг елкалари  силкиниб-силкиниб йиғлади, сўзсиз, ҳамқишлоқлари кўзига тик боқолмай, кўп йиғлади. Ва енгил тортгандай бўлди. У ўзини, инсоний туйғуларини англаган, ич-ичидан отилиб чиқаётган кўз ёшми, афсусми, пушаймонми, нималигини ўзи ҳам билмайдиган ўксик йиғидан тамоман бошқа бир одамни – ўзини топгандай эди.

Ўрозмат бобо, Дуйшан оға, Исмоил кетди. Уларнинг ортидан умрида биринчи марта Мурод қалбида илиқ ва  самимий меҳр билан қараб қолди.

 

Робия ЙЎЛДОШЕВА.

🎬 Видеогалерея Барчаси →
Чекка ҳудудлар аҳолиси ҳам тоза ичимлик суви билан таъминланмоқда Чекка ҳудудлар аҳолиси ҳам тоза ичимлик суви билан таъминланмоқда 17.09.2026 Синфдошлар 60 йилдан кейин яна мактаб биносида дийдорлашдилар Синфдошлар 60 йилдан кейин яна мактаб биносида дийдорлашдилар 15.09.2026 “Бирлашиб, буюк тарих яратамиз” шиори остида “Маърифат карвони” лойиҳаси доирасида маданий-маърифий тадбир ўтказилди “Бирлашиб, буюк тарих яратамиз” шиори остида “Маърифат карвони” лойиҳаси доирасида маданий-маърифий тадбир ўтказилди 14.09.2026 Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг муаммолари манзилли ўрганилди Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг муаммолари манзилли ўрганилди 11.09.2026 Амударёда тадбиркорлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди Амударёда тадбиркорлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди 10.09.2026 Совитгичли омборлар – бозорларда нарх барқарорлигини сақлашда муҳим восита Совитгичли омборлар – бозорларда нарх барқарорлигини сақлашда муҳим восита 10.09.2026 Саҳна орқали фикрлашув: муҳокама марказида – аёл ҳуқуқлари Саҳна орқали фикрлашув: муҳокама марказида – аёл ҳуқуқлари 09.09.2026 Оилавий зўравонликка қарши мутахассислар салоҳияти оширилмоқда Оилавий зўравонликка қарши мутахассислар салоҳияти оширилмоқда 09.09.2026 Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг навбатдаги 24-сессияси ҳақида ахборот Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг навбатдаги 24-сессияси ҳақида ахборот 08.09.2026 Мактаб ўқувчилари учун йўл хавфсизлиги сабоқлари ўтказилди Мактаб ўқувчилари учун йўл хавфсизлиги сабоқлари ўтказилди 08.09.2026 Нукусда юк ташувчи ҳайдовчилар билан тарғибот тадбирлари ўтказилди Нукусда юк ташувчи ҳайдовчилар билан тарғибот тадбирлари ўтказилди 08.09.2026 Янги китоблар тақдимоти ва ижодий мулоқот: Ахборот-кутубхона марказида ижодкорлар билан учрашув ўтказилди Янги китоблар тақдимоти ва ижодий мулоқот: Ахборот-кутубхона марказида ижодкорлар билан учрашув ўтказилди 08.09.2026 Маҳаллий бюджет ижроси: даромад, ер ва мол-мулк солиқларида барқарор ўсиш кузатилмоқда Маҳаллий бюджет ижроси: даромад, ер ва мол-мулк солиқларида барқарор ўсиш кузатилмоқда 05.09.2026 Бобур номли овулдаги кўп тармоқли фермер хўжалиги Бобур номли овулдаги кўп тармоқли фермер хўжалиги 04.09.2026 Ўйинга асосланган таълим: педагогик инновациялар ва дидактик ўйинлар фестивали юқори савияда ўтказилди Ўйинга асосланган таълим: педагогик инновациялар ва дидактик ўйинлар фестивали юқори савияда ўтказилди 03.09.2026 Амударёда қутқарув қисмининг янги биноси фойдаланишга топширилди Амударёда қутқарув қисмининг янги биноси фойдаланишга топширилди 02.09.2026 Электр тармоқлари филиалида коррупцияга қарши курашиш масалалари муҳокама этилди Электр тармоқлари филиалида коррупцияга қарши курашиш масалалари муҳокама этилди 02.09.2026 Байрам арафасида янги бинолар фойдаланишга топширилди Байрам арафасида янги бинолар фойдаланишга топширилди 02.09.2026 Мустақиллик байрами арафасида фронторти меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олинди Мустақиллик байрами арафасида фронторти меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олинди 02.09.2026 Умумтаълим мактабларида биринчи қўнғироқ чалиниб, Билимлар куни кенг нишонланди ва янги ўқув йили бошланди Умумтаълим мактабларида биринчи қўнғироқ чалиниб, Билимлар куни кенг нишонланди ва янги ўқув йили бошланди 02.09.2026 Амударё туманида янги амфитеатр фойдаланишга топширилди Амударё туманида янги амфитеатр фойдаланишга топширилди 31.08.2026 Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев бошчилигида Республикамиз фаоллари Манғит сув тозалаш иншооти фаолияти билан танишдилар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев бошчилигида Республикамиз фаоллари Манғит сув тозалаш иншооти фаолияти билан танишдилар 31.08.2026 Амударё туманида Ўзбекистон Республикаси давлат Мустақиллигининг 35 йиллиги кенг нишонланди Амударё туманида Ўзбекистон Республикаси давлат Мустақиллигининг 35 йиллиги кенг нишонланди 28.08.2026 «Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги» эсдалик нишони ўз эгаларига тантанали равишда топширилди «Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги» эсдалик нишони ўз эгаларига тантанали равишда топширилди 27.08.2026 Мустақиллик берган имкон: оддий механизатордан йирик саноатчига айланган фермер Ёқуббой Ашировнинг фаолияти ҳақида Мустақиллик берган имкон: оддий механизатордан йирик саноатчига айланган фермер Ёқуббой Ашировнинг фаолияти ҳақида 27.08.2026 Амударё туманида Манғит сув тозалаш иншооти фойдаланишга топширилди Амударё туманида Манғит сув тозалаш иншооти фойдаланишга топширилди 26.08.2026 Хитойлик тадбиркор томонидан Манғитда уй-рўзғор буюмлари дўкони очилди Хитойлик тадбиркор томонидан Манғитда уй-рўзғор буюмлари дўкони очилди 19.08.2026 Амударё туманида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти таҳлил қилинди Амударё туманида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти таҳлил қилинди 19.08.2026 Муддатли ҳарбий хизматга чиқирилувчиларни саралаш тадбирлари бошланди Муддатли ҳарбий хизматга чиқирилувчиларни саралаш тадбирлари бошланди 17.08.2026 Дўрман овули мисолида ёшлар бандлиги бўйича республика ўқув семинари ўтказилди Дўрман овули мисолида ёшлар бандлиги бўйича республика ўқув семинари ўтказилди 17.08.2026