24.09.2026
Тил Oʻz Qq Ёзув Кирилл Lotin
Reklama banneri
Ҳарф ўлчами Ранг Расмлар
24.09.2026, 09:24
Мақолалар 👁 293

ХОТИРА БОР ЭКАН, ТИРИКДИР ОДАМ!

ХОТИРА БОР ЭКАН, ТИРИКДИР ОДАМ!

Хотира. Хотира - оддий сўз эмас,

Ҳаяжонсиз айтиб бўлмас бу сўзни.

Хотира бор экан, ўлимлар абас,

Хотира бор экан, англаймиз ўзни.

Олий тоифали шифокор Тожибой ҳожи Бозорбоев бошчилигида чироқчилик дўсти Ўроқбойнинг йил фотиҳасига жўнадик. Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани бош шифокори Холёр полвон Қодиров бизни илиқ кутиб олди. Маърака тарқагач, полвоннинг хонадонида меҳмон бўлдик. 94 ёшли оналарини зиёрат қилиб, дуоларини олдик.

“Чироқчи туманининг ҳудуди Андижон вилоятига тенг”, деб таърифлаганларича бор. Кўкдаланинг бепоён қир-далаларининг соф ҳаволаридан симириб, Бегламишсой элатига етиб келдик. Ўзбек халқи 92 бовли уруғининг шеваларидай ҳар минтақада урф-одатлар ҳам хилма-хил ва бир-биридан гўзал. Чироқчида вафот этганига тўрт ойдан ўтган мўминнинг йил оши Наврўз арафасида берилар экан. Қайғуси эски йилда қолиб кетсин, янги йилда шодлик келсин, деган тилак ва ниятда. Шунингдек, жорий йилда (Наврўздан Наврўзгача) тушган келинларнинг ҳаммаси Наврўз байрамида қайтадан келинлик либосларин кийиб, халққа салом берар экан.

Нариги четини кўз илғамас Бегламишсой адири байрам тараддуди билан гавжум. Чодирлар тикилган, дошқозонларда (уларда ҳозир ҳам ер ўчоқлардан кенг фойдаланилар экан) сумалак, палов, шўрва, қашқадарёча жиз, тандир кабоб, яхна учун гўшт пишиб ётир. Катта супа-саҳна тузатилиб, овоз кучайтиргич, колонкалар қўйилган. Улоқчи от минган чавандоз полвонлар, ўзбек миллий курашининг усталари бўлган забардаст полвонлар жам бўлмоқда, рўйхатдан ўтмоқда.

Холёр полвон Қодиров уч марта Ўзбекистон чемпиони – нафақат Қашқадарё, бутун Республикага танилган полвон. У бизнинг туманимиз фарзанди, атоқли полвон Элёр Машариповнинг ҳам устозларидан бири. Наврўз байрамини ташкил қилган ҳам, мутасадди ҳам Холёр полвоннинг  ўзи! Чавандозлар ҳам, полвонлар ҳам, ҳамқишлоқлари ҳам исмини айтмасдан “полвон” десалар бўлди – Холёр полвонни тушунишар экан, “Полвон дўхтир” деб эъзозлашар экан!

Полвон дўхтир саҳна – супа олдига ўрнатилган микрофонга бориб, Наврўз байрамига аталган табрик шеърини ўктам, янгроқ овозда ўқиб берди. Халойиқ гулдурос қарсаклар билан олқишлаб, полвоннинг табригига ҳамрозлик изҳор қилди. Байрамга Қорақалпоғистондан азиз меҳмонлар ташриф буюрганини, уларга табрик учун сўз берилишини эълон қилар экан, халойиқдан бу нарсага қаттиқ эътибор беришларини сўради ва бизни микрофон олдига чақирди. Бир зум ўнг қўлини кўтариб, турган-у ўтирганларнинг диққатини жамлади.

- Ёдингиздами доктор Назар Товошаров?!

- Ёдимизда! – гувиллаб жавоб берди халойиқ.

- Ёдингиздами доктор Онахон опамиз?!

- Ёдимизда! – яна гувиллади халойиқ.

- Мана бу кишилар – азиз меҳмонларимиз – ана шу Онахон опамизнинг ҳамюртлари бўладилар, – деб Тожибой ҳожи Бозорбоевга сўз берди. Халойиқ тинимсиз қарсаклар билан эҳтиром изҳор қиларди, бу бизни кучли ҳаяжонга соларди, Онахон опанинг бунча ҳурмат-эъзозни қандай топганларини билгимиз келарди. Бу байрам таассуротларининг ўзи бир дунё. 27 та келинчакни қатор қўйиб, келин саломлар айтиб, байрамга ҳисса қўшганимиз завқи ҳам яна бир дунё! “Қиз бола оиласининг, элининг юзи!” деб бекорга айтмас экан-да, халқимиз.

Бизнинг юртимиз қизи – бизнинг ҳаммамизнинг опамиз, синглимиз ҳақида айтилган меҳрли, соғинчли гаплар бизни тўлқинлантирмасинми! Бу гапларни ҳамюртларимиз билан ўртоқлашишнинг эртаси-ю кечи бўлмас, деб бугун сизларга ҳам илиндим.

Ҳурматли суҳбатдош, тақдир-насиба иши билан Қашқадарёга келин бўлиб тушган, хизмати, адаб-у икроми, хулқи, ибо-ҳаёси билан ёрининг ҳам, эл-у юртининг ҳам муҳаббатига, ҳурмат-эҳтиромига сазовор бўлган ҳамюртимиз Энажон Тўлиевага бағишланган мақолам муқаддимасини Холёр Қодировнинг “Шаъм сўнади, аммо Сиз эмас” номли хотира китобидаги ушбу сўзлар билан бошласам афзал бўлар, деб ўйладим:

“Назар Товошаров Қашқадарёнинг Чироқчи туманидан. Энажон Тўлиева Қорақалпоғистоннинг Амударё тумани, Қиличбой қишлоғидан.

Иккаласи бирга турмуш қуриб, оиланинг ҳамма қийинчиликларини тенг баҳам кўриб, уч ўғил, икки қизни тарбиялаб, элга қўшишди.

Онажон опа (Энажонни чироқчиликлар шундай деб эъзозлашар эканлар) асли Амударё туманида туғилган бўлиб, олийгоҳни тугатгандан кейин Чироқчига, Назар ака хонадонига келин бўлиб тушди. Уларнинг оиласига ҳамма ҳавас қилар, гўё иккаласининг меҳригиёси одамни сеҳрлаб қўярди.

Чироқчига ишга ўтказишганда ушбу хонадонда яшаб ишладим. Ҳар тонг уйғонар эканман, Назар ака ва Онажон опа чой дамлаб турган бўларди. Опа жуда самимий, меҳрибон эди. Доимо мени “Оға” деб чақирарди. Тиббиёт соҳасидаги билимларимни бойитишда ўз маслаҳатларини аямасди.

Чироқчида Онажон опани жуда севишарди. Айниқса, Чиял хўжалигида ишлаганда Онажоннинг тутинган опа-сингиллари шундай кўп эдики, ҳозиргача ҳаммаси уни армон билан эслашади, қўмсашади...

Амударё полвон қизи,

Палахмон тоши бўлди.

Чироқчилик Назарнинг,

Умр йўлдоши бўлди.

 

Ишлади юрагидан,

Халққа берди борини.

Ҳаётини бахш этди,

Ҳамда касб-у корини.

 

Ҳамма ҳавас қиларди,

Ортидан термулишиб.

Эр-у хотин яшарди,

Бахтидан ўргулишиб.

 

Ўттиз йил ишлаб берди.

Чироқчининг элига.

Ҳамма ҳавас қиларди.

Дўхтир келин феълига.

 

Эрта тонгдан келарди,

Иш жойи – чиллахона.

Иш жойда ҳам Назари,

Унга доим ҳамхона.

 

Биров айтмади: “Аттанг,

Дўхтир келин-а, ёмон.

Бировни ранжитмади,

Шиори: “Омон-омон!”

 

Уч ўғил, икки қизни,

Тортиқ қилди элимга.

Нима бўлди, не бўлди:

Кўз тегди-я келинга?!

 

Касал бўлди қўққисдан

Унинг суянган тоғи.

Ўттиз йил сирлашгани,

Ёстиқдоши, ўртоғи...

 

Жонида жон қолмади,

Даво излаб чопишди.

Тошкентда сиҳатгоҳда,

Давосини топишди.

 

Назар қайтди ишига,

Равон бўлди йўллари.

Яна бахтли ҳаёт деб,

Сайрарди булбуллари.

 

Уч ўғил учта жойда,

Ўқиш, ишини қилар.

Икки қизи – икки уй,

Худодан омад тилар.

 

Қўққисдан келган ажал,

Сиртмоғин солиб қўйди.

Шундай гўзал бекани,

Элимдан олиб қўйди...

 

Жойинг жаннатда бўлсин,

Дейман ҳар кун эрта тонг.

Қабринг нурларга тўлсин,

Қадрдоним, Онажон!"

Менга ушбу хотира китобини бераётиб, эл саломатлиги учун умрини бахш этаётган бу жуссаси алп Луқмон, қалби азамат, юраги шоирона туйғу ва муҳаббатларга лим-лим паҳлавон, бу қашқадарёча дангал, кўкдалачасига жайдари, бир неча шеърий, фалсафий китоблар муаллифи, Чироқчининг Паҳлавон Маҳмуди кўз ёшларини тия олмасди. Ўзини хотиржам тутишга ҳарчанд урингани сайин дийдаси эриб борарди:

- Вафотидан бир неча кун олдин Назар ака Сизга опангизнинг гапи бор экан, - деб қолди. Дарров бордик. Онам ўзини бардам тутиб гап бошлади. “Мендан ёш бўлсангиз ҳам, Сизни оға дедим... мени опа дедингиз. Мен опалик қилолдимми билмадим-у, лекин сиз оғалик қилдингиз... энди яна бир марта оғалик қилинг...

- Ҳўв опажоним-ов, ҳамиша опалик қилиб келдингиз, бир менинг эмас, бутун элимизнинг келинигина эмас, бекаси, опаси бўлолдингиз! Не яхши ниятингиз бўлса айтаверинг, иншааллоҳ бажаришга интиламиз, - дедим.

- Мана Назар оғангиз ҳузурида айтадиганим шуки, бу элда мен ундим, ўсдим, меҳр топдим, фарзандлар суйдим, хизматим қадрланди. Ҳурмат-иззат қозондим. Мингдан-минг розиман! Энди агар менга бир гап  бўлиб қолса, суягимни элимга юборинг, оғажон, элимга юборинг... Сизнинг қўлингиздан келади... Қиличбой элимга юборинг... – деди.

Биз Назар оға билан таскинга ҳам сўз тополмасдик... Шундай бўлди... Иккита машинада биттасида майитни, иккинчисида ўн тўртта шифокор касбдошларини кузатувчи қилиб, жанозасига жўнатдим. Ўзим уларнинг ҳам ишларига масъул бўлиб қараб қолдим... Кўп ўтмай Назар оғани ҳам бериб қўйдик... Лекин уларнинг порлоқ хотираси Чироқчи халқининг ёдида абадий яшашига ишонаман...

Бизнинг ҳамюртимиз бўлган Энажон Тўлиевани ардоқлаган элга, шу элнинг донгдор фарзанди Холёр полвон Қодировга, уларнинг фарзандларига бахт-у саодатлар тилаб, ушбу кичик мақоламни якунлар эканман, юртимизнинг қизлари – опа-сингилларимиз тақдир тақозоси билан қаерда бўлсалар ҳам Энажон (Онахон) Тўлиевадек оқ юзли, обрўли бўлгай, деб тилайман.

Юртбошимиз инсон қадрини улуғлашга эътибор бераётгани ҳикматларга тўла эканлигига иқрор бўламан. Қирқта бири-биридан ҳурматли шифокорларни хотирлаб битилган бу китобда гўё энг катта эҳтиром бизнинг ҳамюртимизга кўрсатилгандай. “Шаъм сўнади, аммо Сиз эмас” китобида айтилганидай:

Хотира бор экан, тирикдир одам,

Ё яхши, ё ёмон сайланажакмиз.

Она ер бағрида бир куни биз ҳам,

Албат хотирага айланажакмиз.

Шундай экан, бу қисқа умрда ҳар хил фитна-фасод, фисқу фужурдан йироқ бўлиб, илм-ҳунар ўрганишга, яхшилик биносини бунёд этишга бел боғлайлик, ана шунда Ватанимизга, миллатимизга хизмат қилган бўламиз.

Турсунбой АБДУЛЛАЕВ, меҳнат фахрийси.

🎬 Видеогалерея Барчаси →
Сув таъминоти иншоотлари куз-қиш мавсумига тайёрланмоқда Сув таъминоти иншоотлари куз-қиш мавсумига тайёрланмоқда 21.09.2026 Хайрия тадбири доирасида эҳтиёжманд оилалар ва нуронийлар ҳолидан хабар олинди Хайрия тадбири доирасида эҳтиёжманд оилалар ва нуронийлар ҳолидан хабар олинди 21.09.2026 Амударё туманида қишлоқ хўжалиги бўйича республика семинари бўлиб ўтди Амударё туманида қишлоқ хўжалиги бўйича республика семинари бўлиб ўтди 21.09.2026 Дарё бўйи маҳалласида ижтимоий ҳимоя ишлари манзилли йўлга қўйилган Дарё бўйи маҳалласида ижтимоий ҳимоя ишлари манзилли йўлга қўйилган 21.09.2026 Чекка ҳудудлар аҳолиси ҳам тоза ичимлик суви билан таъминланмоқда Чекка ҳудудлар аҳолиси ҳам тоза ичимлик суви билан таъминланмоқда 17.09.2026 Синфдошлар 60 йилдан кейин яна мактаб биносида дийдорлашдилар Синфдошлар 60 йилдан кейин яна мактаб биносида дийдорлашдилар 15.09.2026 “Бирлашиб, буюк тарих яратамиз” шиори остида “Маърифат карвони” лойиҳаси доирасида маданий-маърифий тадбир ўтказилди “Бирлашиб, буюк тарих яратамиз” шиори остида “Маърифат карвони” лойиҳаси доирасида маданий-маърифий тадбир ўтказилди 14.09.2026 Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг муаммолари манзилли ўрганилди Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг муаммолари манзилли ўрганилди 11.09.2026 Амударёда тадбиркорлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди Амударёда тадбиркорлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди 10.09.2026 Совитгичли омборлар – бозорларда нарх барқарорлигини сақлашда муҳим восита Совитгичли омборлар – бозорларда нарх барқарорлигини сақлашда муҳим восита 10.09.2026 Саҳна орқали фикрлашув: муҳокама марказида – аёл ҳуқуқлари Саҳна орқали фикрлашув: муҳокама марказида – аёл ҳуқуқлари 09.09.2026 Оилавий зўравонликка қарши мутахассислар салоҳияти оширилмоқда Оилавий зўравонликка қарши мутахассислар салоҳияти оширилмоқда 09.09.2026 Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг навбатдаги 24-сессияси ҳақида ахборот Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг навбатдаги 24-сессияси ҳақида ахборот 08.09.2026 Мактаб ўқувчилари учун йўл хавфсизлиги сабоқлари ўтказилди Мактаб ўқувчилари учун йўл хавфсизлиги сабоқлари ўтказилди 08.09.2026 Нукусда юк ташувчи ҳайдовчилар билан тарғибот тадбирлари ўтказилди Нукусда юк ташувчи ҳайдовчилар билан тарғибот тадбирлари ўтказилди 08.09.2026 Янги китоблар тақдимоти ва ижодий мулоқот: Ахборот-кутубхона марказида ижодкорлар билан учрашув ўтказилди Янги китоблар тақдимоти ва ижодий мулоқот: Ахборот-кутубхона марказида ижодкорлар билан учрашув ўтказилди 08.09.2026 Маҳаллий бюджет ижроси: даромад, ер ва мол-мулк солиқларида барқарор ўсиш кузатилмоқда Маҳаллий бюджет ижроси: даромад, ер ва мол-мулк солиқларида барқарор ўсиш кузатилмоқда 05.09.2026 Бобур номли овулдаги кўп тармоқли фермер хўжалиги Бобур номли овулдаги кўп тармоқли фермер хўжалиги 04.09.2026 Ўйинга асосланган таълим: педагогик инновациялар ва дидактик ўйинлар фестивали юқори савияда ўтказилди Ўйинга асосланган таълим: педагогик инновациялар ва дидактик ўйинлар фестивали юқори савияда ўтказилди 03.09.2026 Амударёда қутқарув қисмининг янги биноси фойдаланишга топширилди Амударёда қутқарув қисмининг янги биноси фойдаланишга топширилди 02.09.2026 Электр тармоқлари филиалида коррупцияга қарши курашиш масалалари муҳокама этилди Электр тармоқлари филиалида коррупцияга қарши курашиш масалалари муҳокама этилди 02.09.2026 Байрам арафасида янги бинолар фойдаланишга топширилди Байрам арафасида янги бинолар фойдаланишга топширилди 02.09.2026 Мустақиллик байрами арафасида фронторти меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олинди Мустақиллик байрами арафасида фронторти меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олинди 02.09.2026 Умумтаълим мактабларида биринчи қўнғироқ чалиниб, Билимлар куни кенг нишонланди ва янги ўқув йили бошланди Умумтаълим мактабларида биринчи қўнғироқ чалиниб, Билимлар куни кенг нишонланди ва янги ўқув йили бошланди 02.09.2026 Амударё туманида янги амфитеатр фойдаланишга топширилди Амударё туманида янги амфитеатр фойдаланишга топширилди 31.08.2026 Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев бошчилигида Республикамиз фаоллари Манғит сув тозалаш иншооти фаолияти билан танишдилар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев бошчилигида Республикамиз фаоллари Манғит сув тозалаш иншооти фаолияти билан танишдилар 31.08.2026 Амударё туманида Ўзбекистон Республикаси давлат Мустақиллигининг 35 йиллиги кенг нишонланди Амударё туманида Ўзбекистон Республикаси давлат Мустақиллигининг 35 йиллиги кенг нишонланди 28.08.2026 «Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги» эсдалик нишони ўз эгаларига тантанали равишда топширилди «Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги» эсдалик нишони ўз эгаларига тантанали равишда топширилди 27.08.2026 Мустақиллик берган имкон: оддий механизатордан йирик саноатчига айланган фермер Ёқуббой Ашировнинг фаолияти ҳақида Мустақиллик берган имкон: оддий механизатордан йирик саноатчига айланган фермер Ёқуббой Ашировнинг фаолияти ҳақида 27.08.2026 Амударё туманида Манғит сув тозалаш иншооти фойдаланишга топширилди Амударё туманида Манғит сув тозалаш иншооти фойдаланишга топширилди 26.08.2026