ФВВ Академияси имкониятлари ҳақида ёшларга маълумотлар берилди
Табиий ва техноген хусусиятга эга фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, аҳоли, ҳудудлар ҳамда моддий бойликларни хавф-хатардан асраш вазифаси ҳар қандай давлат сиёсатининг доимий эътибордаги йўналишларидан бири ҳисобланади ва бу соҳанинг салоҳияти кўп жиҳатдан унда фаолият юритадиган мутахассисларнинг билими, амалий тайёргарлиги ҳамда касбий маҳоратига бевосита боғлиқ.
Шу боис мамлакатимизда қутқарув хизмати учун малакали кадрлар тайёрлаш тизимини замон талаблари асосида қайта қуриш, таълим мазмунини амалиёт билан уйғунлаштириш, ўқув жараёнига илғор усулларни жорий этиш ва бу шарафли касбга ёшларнинг қизиқишини ошириш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 3 апрелдаги “Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ушбу йўналишдаги устувор вазифаларни белгилаб берган бўлди.
Қарор ижросини таъминлаш мақсадида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси профессор-ўқитувчилари томонидан ҳудудлардаги умумтаълим мактабларида, шу жумладан, олис овуллардаги билим даргоҳларида тарғибот-ташвиқот тадбирлари изчил ташкил этилмоқда. Бундай учрашувлар битирувчиларга касб танлаш борасида аниқ йўналиш бериш билан бирга, уларда соҳага нисбатан қизиқиш ва ҳурмат уйғотишга хизмат қилмоқда.
Академия вакилларининг навбатдаги тарғибот тадбири Амударё туманидаги 76-сонли умумтаълим мактабида ўтказилди. Учрашувда мактабнинг юқори синф ўқувчилари, шунингдек, мактаб педагоглари ва фуқаролар иштирок этиб, улар Академия фаолияти ҳамда унда таҳсил олиш билан боғлиқ масалалар юзасидан тўлиқ маълумотга эга бўлдилар.
Тадбир давомида фуқаролар ва ёшларга Академияга ўқишга кириш тартиби, таълим йўналишлари ҳамда таҳсил олиш учун яратилган имкониятлар хусусида атрофлича маълумот берилди. Келтирилган маълумотлар ўқувчиларнинг келгусидаги касб танлови юзасидан тасаввурини кенгайтиришга ҳамда уларни онгли қарор қабул қилишга ундашга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Академия ҳузуридаги Қутқарувчиларни тайёрлаш техникуми фаолияти, унга ўқишга қабул қилиш тартиби, таҳсил олишнинг ўзига хос жиҳатлари ва ўқишни кейинчалик давом эттириш имкониятлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди. Мазкур муассаса қутқарувчилик касбининг амалий асосларини эгаллашни истаган ёшлар учун таълим йўлидаги дастлабки ва муҳим босқич вазифасини бажаради.
Шунингдек, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Шаҳрисабз “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи тўғрисида батафсил тушунтиришлар берилиб, ушбу билим даргоҳининг ёшларни соҳага эртароқ йўналтиришдаги ўрни алоҳида кўрсатиб ўтилди. Бундай таълим муассасалари ўқувчиларда интизом, жисмоний чиниқиш ва ватанпарварлик туйғусини шакллантириш билан бирга, уларни келгусидаги масъулиятли фаолиятга эрта тайёрлашга хизмат қилади.
Бундан ташқари, Академиянинг Магистратура факультети фаолияти, шунингдек, бакалавриат ҳамда 2+2 таълим йўналишларининг ўзига хос тартиби ва афзалликлари хусусида ҳам ўқувчиларга кенг ва аниқ маълумот етказилди. 2+2 тизими ёшларга таълимнинг турли босқичларини ўзаро боғлаган ҳолда, билим олишни узлуксиз давом эттириш имконини беради ва мутахассис тайёрлаш сифатини оширади.
Учрашувнинг сўнгида ўқувчиларнинг қизиқишлари юзасидан билдирган саволларига батафсил ва асосли жавоблар қайтарилди. Айтиш жоизки, мактаб ёшидан бошланган касбга йўналтириш иши ёшларнинг келажакдаги танловининг пухта бўлишини таъминлайди, зеро ўқувчи ўз қобилияти ҳамда интилишини эрта англаса, танлаган соҳасида юқори натижаларга эришиш имконияти сезиларли даражада ортади. Бу жараён кейинчалик таълим сифатида ва мутахассиснинг касбий барқарорлигида ҳам ўз аксини топади.
Таъкидлаш керакки, қутқарувчи касби жасорат билан бирга чуқур билим, тезкор қарор қабул қилиш кўникмаси ва юксак масъулиятни талаб этади, шу сабабли ушбу йўналишни танлаган ёшларнинг мактаб партасидаёқ пухта тайёргарлик кўриб бориши муҳим ҳисобланади. Бу эса мактаб, оила ва соҳа таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни талаб этади.
Ҳудудларда давом эттирилаётган бундай учрашувлар соҳа таълим муассасалари билан умумтаълим мактаблари ўртасидаги алоқани мустаҳкамлаб, эртага аҳоли тинчлиги ва хавфсизлиги посбонига айланадиган янги авлод мутахассисларини саралаб олишда ишончли восита бўлиб хизмат қилади.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶