«INFOLIB ÖZBEKISTON–2026» ахборот-кутубхона ҳафталигига старт берилди
Ахборот оқими шиддат билан ортиб бораётган бугунги даврда китоб инсонни камолотга етакловчи энг ишончли йўлбошчи, миллатнинг маънавий хазинаси ва келажак пойдевори бўлиб қолмоқда. Мутолаа маданияти нафақат ёш авлоднинг дунёқарашини кенгайтиради, балки жамиятнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ва соғлом маънавий муҳитни шакллантиришда муҳим омил вазифасини ўтайди.
Шу боис мамлакатимизда китобхонликни оммалаштириш, ахборот-кутубхона тизимини ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, инсоният тафаккурининг буюк кашфиёти бўлган китоб ва кутубхоналар халқнинг интеллектуал салоҳияти ва юксак маънавияти манбаидир. Ана шундай эзгу ташаббусларнинг амалий ифодаси сифатида 16 ноябрь куни қадимий ва ҳамиша навқирон Бухоро шаҳрида «INFOLIB ÖZBEKISTON–2026» 15-Миллий ахборот-кутубхона ҳафталигига тантанали равишда старт берилди.
Ушбу зиё ва маърифат байрами муносабати билан Амударё тумани Ахборот-кутубхона марказида ҳам ҳафталикнинг очилиш тадбири бўлиб ўтди. Тантанали маросимда туман Маънавият ва маърифат маркази мутахассислари, умумтаълим мактабларининг фидойи кутубхоначилари ҳамда китобни ўзининг энг яқин дўсти деб билган фаол китобхонлар бир даврага жамланди.
Тадбир давомида сўзга чиққанлар бугунги жамият тараққиётида ахборот-кутубхона марказларининг ўрни, ёшлар қалбида мутолаага бўлган меҳрни уйғотиш ва китобхонлик маданиятини янада юксалтиришнинг аҳамияти ҳақида атрофлича фикр юритдилар. Маросимга ўзгача файз ва завқ бағишлаган жиҳатлардан бири 59-сонли умумтаълим мактабининг иқтидорли китобхон ўқувчилари томонидан намойиш этилган «Эртаклардан бошланар эзгулик йўли» номли саҳналаштирилган қўғирчоқ театри бўлди. Ёш ижрочиларнинг самимий ва маҳоратли чиқишлари барча иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
16–20 ноябрь кунлари давом этадиган «INFOLIB ÖZBEKISTON–2026» ҳафталиги доирасида Амударё тумани Ахборот-кутубхона марказида китобсеварлар учун бой ва мазмунли тадбирлар дастури ишлаб чиқилган. Хусусан, ҳафталик давомида «Мутолаа — тафаккур қаноти» шиори остида китобхонлар билан самимий суҳбатлар, болалар ва ёшларнинг руҳий оламини бойитишга қаратилган «Эртак терапияси» инновацион лойиҳаси ҳамда «Китоблар оламига саёҳат» мавзусидаги давра суҳбати ўтказилади.
Шунингдек, дастурдан соҳа фидойилари фаолиятига бағишланган «Кутубхоначи — маърифат тарқатувчи» учрашуви, нодир ва янги нашр этилган адабиётларни ўзида жамлаган «Битмас хазина» китоблар кўргазмаси ҳамда ёшларнинг билим савиясини синовдан ўтказувчи турли қизиқарли танловлар ўрин олган. Бундай ранг-баранг лойиҳалар турли ёшдаги китобхонларни кутубхонага янада яқинлаштиришга, уларда доимий мутолаа кўникмасини шакллантиришга хизмат қилади.
Китобхонлик ҳафталигининг ҳақиқий самараси фақат ўтказилган тадбирлар сони билан эмас, балки улар орқали қанча ёшларнинг қалбида билимга интилиш ва мутолаага қизиқиш уйғонгани билан ўлчанади. Амударё туманида бошланган ушбу маърифат байрами ҳам айнан ана шу эзгу мақсадга қаратилган бўлиб, ҳар бир иштирокчига янги билимлар, юксак маънавий озуқа ва унутилмас таассуротлар тақдим этади.
Амударё тумани Ахборот-кутубхона маркази барча китобсеварларни ҳафталик тадбирларида фаол иштирок этишга чорлайди. Зеро, китоб билан юксаламиз, маърифат билан тараққий этамиз.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶