22.09.2026
Тил Oʻz Qq Ёзув Кирилл Lotin
Reklama banneri
Ҳарф ўлчами Ранг Расмлар
22.09.2026, 05:15
Жамият 👁 446

Фарҳод Камолов: уни ҳамма танийди

Фарҳод Камолов: уни ҳамма танийди

Манғитлик (Аллоҳ раҳмат қилсин) Исмоил ота Камолов ва Валентина Петровна Кузнецовалар оиласини нафақат туманда, балки Қорақалпоғистон Республикасида, мамлакатимизнинг турли ҳудудларида алоҳида ҳурмат-эҳтиром билан тилга олувчилар кўп. Чунки умр бўйи автогараж мудири бўлиб ишлаган Исмоил ота Камолов ҳамда ўзининг бутун онгли ҳаётини ёш авлод таълим-тарбиясига бағишлаган Валентина Пет­ровна Кузнецовалар биргаликда яратган оила гўшасидаги ўзига хос миллий-маънавий тарбия муҳити, қолаверса, Исмоил ота билан Валя опанинг (уни амударёликлар ўзларига яқин олиб шундай аташади) маҳалла-кўйда, ўзлари ишлаган меҳнат жамоаларида тутган ўрни ва обрў-эътибори бу байналмилал оилани худди қон-қариндошлардай халқ меҳр-муҳаббатига сазовор этган, оилада вояга етган фарзандлар ҳам ана шу меҳр тафтини ҳис этиб улғайишди.

Халқимиз оилани теран илдизли дарахтга ўхшатишади. Бу ўхшатишда ўзига хос рамзий маъно бор. Чунки замини унумдор бўлган ҳудудда унган дарахтнинг илдизи мус­таҳкам, шохлари теран ва бар­авж бўлади. Исмоил ота билан Валя опа оиласи, агар таъбир жоиз бўлса, ана шундай илдизи мустаҳкам, шохлари теран, сермева дарахтдай Аму элига илдиз қўйдилар, бири-биридан ақлли, билимдон фарзанд­ларни тарбиялаб, вояга етказдилар. Фарҳод Камолов ана шундай меҳр-оқибат қулф урган маънавиятли оилада туғилиб-ўсди.

Инсоннинг шахс сифатида шакл­ланишида она меҳри ва тарбияси муҳим аҳамиятга эга. Шу жиҳатдан олиб қараганда, касби ўқитувчи бўлган Валентина Петровна ҳар бир фарзандининг хулқ-атвори ва қизиқишларидан келиб чиқиб, уларга алоҳида меҳр билан тарбия берди. Маиший ва радиотехника воситалари билан шуғулланиш Фарҳод Камоловнинг севимли машғулоти эди.

Шу боис, Фарҳод умумтаълим мактабини тугатиб, 1976 йилда Фарғона шаҳридаги маиший хизмат кўрсатиш техникумининг радиотехника бўлимига ўқишга кирганида ота-она­си, айниқса, Валентина Петровна чин дилдан қувонишди. Ота-онасининг дуосини олиб, орзулари йўлида таълим олишга киришган Фарҳод Камолов 1979 йилда мазкур билим даргоҳини муваффақиятли тамомлади.

1979-1981 йилларда ҳарбий хизмат бурчини адо этгач, илк меҳнат фаолиятини 1981 йилда Манғит шаҳрида ягона бўлган “Зангори экран” устахонасида ишлашдан бошлади.

Ҳамма даврларда ҳам малакали мутахассислар қадрланган. Фарҳод Камолов ҳам ўз соҳасининг моҳир устаси ва билимдони эди. Шу боис, уни 1982 йилда Нукус Радио-телевидение узатиш марказининг Манғит Радио-телевизион станцияси бўлимига электромеханик вазифасига ишга қабул қилишди.

Тобора шиддат билан ривожланиб бораётган радио ва телевидение тармоғига соҳа янгилик­ларини жорий этиш, Манғит радио-телевизион станциясининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, кадрлар салоҳия­тини ошириш давр тақозоси эди. 1989 йилда Фарҳод Камоловни Манғит Радио-телевизион станцияси раҳбарлиги лавозимига тайинлашгач, ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлиш орзуси уни Тошкент электротехника алоқа институтига етаклади ва 1991-1997 йилларда мазкур олийгоҳда алоқа муҳандиси йўналишида таҳсил олди.

Фарҳод Камолов Манғит РТСга илк раҳбарлик қилган пайтда станциянинг ўз биноси йўқ, моддий техника воситалари билан таъминланганлик даражаси ниҳоятда паст эди. Манғит РТС 1989 йилда ўша вақтдаги собиқ қишлоқ хўжалик касб-ҳунар техника билим юрти (ССПТУ–75) нинг ётоқхона биносида жойлашганди. Шу боис, аҳолига радио ва телевидение дастурларини сифатли равишда узатиш имкони кам, радио-телевизион эфирлар вақтида баъзан узилишлар ҳам бўлиб турарди. Ана шундай пайтларда Фарҳод Камолов вақт билан ҳисоблашмай ишлар, баъзан тонггача РТСда қолиб кетарди.

– Қийин вазиятлар кўп бўларди, – эслайди у. – Эфирлардаги қисқа узилишлар, сифатсиз эфир тўлқинлари туфайли айрим юртдошларимиз РТСга қўнғироқ қилишиб, кўнгилга оғир ботадиган гапларни ҳам айтишардилар. Хафа бўлиш хаёлимга ҳам келмасди, жимгина эфирни тўғрилашга уринардим.

Инсонни ҳаётдаги, ишдаги муаммолар чарчатиб, юз-кўзларига кексалик муҳрини босади. Агар оила муҳити соғлом, ўзаро меҳр-оқибат туйғулари устувор бўлса, бундай муҳит ҳар қандай муаммо ва чарчоқдан одамни фориғ қилади. Бу жиҳатдан Фарҳод Камоловнинг омади чопган. Умр йўлдоши Мақсудахон ая Полвонова умрининг ҳар лаҳзасида унга меҳрибон дўст ва ҳамдам. То пенсияга чиққунига қадар қайнонаси каби ўқитувчилик касбини ардоқлаб, ёш авлод таълим-тарбиясига масъуллик ҳисси билан яшаб, меҳнат қилган, шарафли касби туфайли юзлаб ёшларнинг севимли устози даражасига етган Мақсудахон ая Полвонова маҳалла-кўйда ҳам, оиласида ҳам ҳурмат-эҳтиромга муносиб онахон. Фарҳод Камолов билан аҳил ва элда ибратли оиласида 5 нафар фарзандни ўқимишли, касб-корли қилиб тарбиялаб, вояга етказишди. Фарзандларининг бири ота касбини эгаллаб, ҳарбий алоқачи сифатида фаолият юритса, яна бири бувижони ва онаси каби ўқитувчи, бошқалари тиббиёт ходими, МТТ тарбиячиси.

1992 йилда 36-сонли мактаб яқинида Манғит РТС учун янги бино қурилганида Фарҳод Камолов худди ўз оиласи учун иморат қурилгандай қувонди. Ўшанда РТСнинг янги бинога кўчирилишини бутун оила аъзолари, дўстлари билан нишонлашган. Қувонмай бўладими? Янги бинодан сўнг, 1993 йилда баландлиги 50 метрлик антенна ҳам ўрнатилиб, ишга туширилди.

Ҳаётидаги, иш фаолиятидаги ҳар бир янгилик ва ўзгаришда Мақсудахон аянинг, фарзанд­ларининг, жондан азиз онажони Валентина Петровнанинг ҳиссаси, меҳрини чин дилдан ҳис этган Фарҳод Камолов оиласидан ҳамиша кўнгли тўқ, умр йўлдоши, фарзандларига ишончи баланд. Шунданми, у хизмат сафарларига ҳам хотиржам бориб, ўз соҳаси бўйича доимий ўқиб-изланишни асло канда қилмади.

2006 йилга келиб бутун Ўзбекис­тон аҳолисини радио-теледас­турлар билан 100 фоиз сунъий йўлдош орқали қамраб олишга қаратилган Хитой давлати билан ҳамкорликдаги лойиҳа ишга туширилди. Лойиҳанинг ишга туширилиши қанчалик муҳим аҳамиятга эга бўлмасин, уни амалиётга изчил жорий этишда жиддий муаммолар ҳам йўқ эмасди. Бунинг учун малакали мутахассислар томонидан кенг қамровли таълимий тавсия берилиши, Хитой ускуналарини ўрнатиш ва амалиётда қўллаш ишларини соҳа бўйича кўргазмали усулда мутахассисларга намойиш қилиш, бундан ҳам муҳими, келтирилган асбоб-ус­куналарни бехато ўрнатиш зарур эди. Шу мақсадда Фарҳод Камоловни Хитой давлатининг Шанхай шаҳрига, малака оширишга юборишди. У малака ошириб қайтгач, Қорақалпоғистон Республикасининг бир қанча ту­ман­ларида мазкур лойиҳани амалга оширишда соҳа мутахассисларига амалий ёрдам кўрсатди.

Хонадонларимизда бизни зериктирмай, ҳаёт қувончлари ва ташвишларидан, дунё янгилик­ларидан хабардор этиб, маънавий-маърифий мавзулардаги суҳбатлар орқали муҳим тарбия­вий таъсир ўтказувчи телевидение кўрсатувларини бамайлихотир томоша қилиб, радио эфир тўлқинларидан таралаётган мусиқий оҳангларни завқланиб тинглаш ҳар биримиз учун одатий ҳолга айланган. Телевизорнинг пультини шунчаки қўлимизга олиб, хоҳлаган тугмачасини босиб қўйсак бас, телеканаллар ҳам, радио эшиттиришлар ҳам бир зумда кўз олдимизда намоён бўлади. Лекин ана шу қулайликни бизга тақдим этаётган инсонларнинг тун-у кун бетиним қилаётган фидойи меҳнатлари ҳақида, тўғриси, ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Фарҳод Камолов Ўзбекистондаги юзлаб ана шундай фидойилардан бири.

— Агар оила аъзоларим, Мақсудахон опангиз, онам ва фарзанд­ларим мени қўллаб-қувватлаб турмаганларида бутун ҳаётим ва меҳримни севимли касбимга бағишлаб ишлай олмасдим, барчаси учун оиламдан миннатдорман, — дейди у мамнуният билан.

Фарҳод Камолов хорижий сафарларга чиққан пайтларида фарзандларининг таълим-тарбияси ёлғиз Мақсудахон аяга қолиб кетар, буни умр йўлдоши оғринмай адо этарди. Айниқса, болаларининг таъминоти масаласида қанчалик қийналмасин, барчасини ақл-фаросат, сабр-қаноат билан енгиб ўтишга одатланган Мақсудахон ая умр йўлдошини хорижий сафарларга кулиб кузатиб, мамнуният билан кутиб оларди.

2016 йилда мамлакатимиздаги барча РТСларга рақамли технологияларни жорий этиш ишлари бошланди. Бу сафар РТСларга Японияда ишлаб чиқарилган ускуналар ўрнатиладиган бўлди. Энди соҳа мутахассислари олдида янги Япония технологияларини ишлаб чиқариш ва таъмирлаш жараёни билан танишиш ҳамда уларни амалиётда қўллаш бўйи­ча кўникмага эга бўлиш муаммоси турарди. Яна Фарҳод Камолов оила ташвишларини аёлига қолдириб, бир қанча вақт Япониянинг Фукусима шаҳридаги ўтказгичлар ишлаб чиқарадиган заводда ишлаб, малака ошириб қайтди ва ўзлаштирган билим ҳамда кўникмаларини соҳага муваффақиятли татбиқ этди.

У 32 йил давомида Манғит РТСга раҳбарлик қилди. Тарихан қисқа, лекин мазмунан залворли бу йиллар Фарҳод Камолов зиммасига халқни сифатли ахборот билан таъминлаш, улар ҳаётига тобора ўзгариб, такомиллашиб бораётган дунё янгиликларини шаффоф ҳолатда олиб кириш, радио-телеэфирлар сифатини яхшилашдек масъу­лиятли вазифани юклади. Фидойи ва машаққатли меҳнат, уйқусиз тунлар, ўқиш ва изланишлар, кетма-кет хорижий сафарлар заҳмати ортидан бу вазифалар ҳам бекаму кўст адо этилди.

Фарҳод Камолов айни пайтда нафақада, 13 нафар набиранинг севимли бобоси. Мақсудахон опа билан онажони, манғитликларнинг ардоқли устози, кўплаб шогирдларнинг мўътабар Валя опаси — Валентина Петровнанинг дуоларини олиб, кексалик гаштини сурмоқда. Айни пайтда умрининг 65 баҳорини қаршилаган Фарҳод Камоловнинг халқимизни сифатли ахборот билан таъминлашдек хайрли ишга қўшган машаққатли ва камтарин хизматларини биз — ОАВ соҳаси ходимлари юксак қадрлаймиз ва бу фидойи инсонга янада узоқ, сермазмун умр, сиҳат-саломатлик тилаймиз.

Робия Йўлдошева.

 

🎬 Видеогалерея Барчаси →
Амударё туманида қишлоқ хўжалиги бўйича республика семинари бўлиб ўтди Амударё туманида қишлоқ хўжалиги бўйича республика семинари бўлиб ўтди 21.09.2026 Чекка ҳудудлар аҳолиси ҳам тоза ичимлик суви билан таъминланмоқда Чекка ҳудудлар аҳолиси ҳам тоза ичимлик суви билан таъминланмоқда 17.09.2026 Синфдошлар 60 йилдан кейин яна мактаб биносида дийдорлашдилар Синфдошлар 60 йилдан кейин яна мактаб биносида дийдорлашдилар 15.09.2026 “Бирлашиб, буюк тарих яратамиз” шиори остида “Маърифат карвони” лойиҳаси доирасида маданий-маърифий тадбир ўтказилди “Бирлашиб, буюк тарих яратамиз” шиори остида “Маърифат карвони” лойиҳаси доирасида маданий-маърифий тадбир ўтказилди 14.09.2026 Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг муаммолари манзилли ўрганилди Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг муаммолари манзилли ўрганилди 11.09.2026 Амударёда тадбиркорлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди Амударёда тадбиркорлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди 10.09.2026 Совитгичли омборлар – бозорларда нарх барқарорлигини сақлашда муҳим восита Совитгичли омборлар – бозорларда нарх барқарорлигини сақлашда муҳим восита 10.09.2026 Саҳна орқали фикрлашув: муҳокама марказида – аёл ҳуқуқлари Саҳна орқали фикрлашув: муҳокама марказида – аёл ҳуқуқлари 09.09.2026 Оилавий зўравонликка қарши мутахассислар салоҳияти оширилмоқда Оилавий зўравонликка қарши мутахассислар салоҳияти оширилмоқда 09.09.2026 Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг навбатдаги 24-сессияси ҳақида ахборот Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг навбатдаги 24-сессияси ҳақида ахборот 08.09.2026 Мактаб ўқувчилари учун йўл хавфсизлиги сабоқлари ўтказилди Мактаб ўқувчилари учун йўл хавфсизлиги сабоқлари ўтказилди 08.09.2026 Нукусда юк ташувчи ҳайдовчилар билан тарғибот тадбирлари ўтказилди Нукусда юк ташувчи ҳайдовчилар билан тарғибот тадбирлари ўтказилди 08.09.2026 Янги китоблар тақдимоти ва ижодий мулоқот: Ахборот-кутубхона марказида ижодкорлар билан учрашув ўтказилди Янги китоблар тақдимоти ва ижодий мулоқот: Ахборот-кутубхона марказида ижодкорлар билан учрашув ўтказилди 08.09.2026 Маҳаллий бюджет ижроси: даромад, ер ва мол-мулк солиқларида барқарор ўсиш кузатилмоқда Маҳаллий бюджет ижроси: даромад, ер ва мол-мулк солиқларида барқарор ўсиш кузатилмоқда 05.09.2026 Бобур номли овулдаги кўп тармоқли фермер хўжалиги Бобур номли овулдаги кўп тармоқли фермер хўжалиги 04.09.2026 Ўйинга асосланган таълим: педагогик инновациялар ва дидактик ўйинлар фестивали юқори савияда ўтказилди Ўйинга асосланган таълим: педагогик инновациялар ва дидактик ўйинлар фестивали юқори савияда ўтказилди 03.09.2026 Амударёда қутқарув қисмининг янги биноси фойдаланишга топширилди Амударёда қутқарув қисмининг янги биноси фойдаланишга топширилди 02.09.2026 Электр тармоқлари филиалида коррупцияга қарши курашиш масалалари муҳокама этилди Электр тармоқлари филиалида коррупцияга қарши курашиш масалалари муҳокама этилди 02.09.2026 Байрам арафасида янги бинолар фойдаланишга топширилди Байрам арафасида янги бинолар фойдаланишга топширилди 02.09.2026 Мустақиллик байрами арафасида фронторти меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олинди Мустақиллик байрами арафасида фронторти меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олинди 02.09.2026 Умумтаълим мактабларида биринчи қўнғироқ чалиниб, Билимлар куни кенг нишонланди ва янги ўқув йили бошланди Умумтаълим мактабларида биринчи қўнғироқ чалиниб, Билимлар куни кенг нишонланди ва янги ўқув йили бошланди 02.09.2026 Амударё туманида янги амфитеатр фойдаланишга топширилди Амударё туманида янги амфитеатр фойдаланишга топширилди 31.08.2026 Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев бошчилигида Республикамиз фаоллари Манғит сув тозалаш иншооти фаолияти билан танишдилар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев бошчилигида Республикамиз фаоллари Манғит сув тозалаш иншооти фаолияти билан танишдилар 31.08.2026 Амударё туманида Ўзбекистон Республикаси давлат Мустақиллигининг 35 йиллиги кенг нишонланди Амударё туманида Ўзбекистон Республикаси давлат Мустақиллигининг 35 йиллиги кенг нишонланди 28.08.2026 «Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги» эсдалик нишони ўз эгаларига тантанали равишда топширилди «Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги» эсдалик нишони ўз эгаларига тантанали равишда топширилди 27.08.2026 Мустақиллик берган имкон: оддий механизатордан йирик саноатчига айланган фермер Ёқуббой Ашировнинг фаолияти ҳақида Мустақиллик берган имкон: оддий механизатордан йирик саноатчига айланган фермер Ёқуббой Ашировнинг фаолияти ҳақида 27.08.2026 Амударё туманида Манғит сув тозалаш иншооти фойдаланишга топширилди Амударё туманида Манғит сув тозалаш иншооти фойдаланишга топширилди 26.08.2026 Хитойлик тадбиркор томонидан Манғитда уй-рўзғор буюмлари дўкони очилди Хитойлик тадбиркор томонидан Манғитда уй-рўзғор буюмлари дўкони очилди 19.08.2026 Амударё туманида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти таҳлил қилинди Амударё туманида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти таҳлил қилинди 19.08.2026 Муддатли ҳарбий хизматга чиқирилувчиларни саралаш тадбирлари бошланди Муддатли ҳарбий хизматга чиқирилувчиларни саралаш тадбирлари бошланди 17.08.2026