26.09.2026
Тил Oʻz Qq Ёзув Кирилл Lotin
Reklama banneri
Ҳарф ўлчами Ранг Расмлар
26.09.2026, 10:54
Мақолалар 👁 300

ЮРАККА КЎМИЛГАН ОИЛА СИРИ

ЮРАККА КЎМИЛГАН ОИЛА СИРИ

(Бўлган воқеа)

Қайнонаси вафот этганида Ойдин янги келин эди. Қайсидир корхонада ҳисобчи бўлиб ишлайдиган қайноғаси ва овсини Салима қайнонасининг еттисидан сўнг, ишга чиқиб кетишди. Ҳайҳотдай ҳовлида Ойдин ёлғиз қолди. Ўқитувчи бўлиб ишлайдиган эри Ҳабибулло эрталабдан кечгача мактабдан бери келмайди.

Ҳар кунги қиладиган юмушларини бажариб бўлгач, сигир билан бузоқнинг емини берди, суғорди. Молхона билан ёнма-ён қурилган қўшимча хонанинг  олдидан ўтаётиб, ерга сочилган шоли донларига кўзи тушди. Бир-икки ҳовуч чамаси шоли донини йиғиштириб олиш учун идиш излаб, хона эшигини итарди. Эшик тўлиқ очилмади, қаттиқроқ итарган эди, эшик ланг очилиб кетди. Хона ичи ёришиб, қатор тизилган қопларга кўзи тушди. Бу хонани қайнонаси “ғаллатом” дерди.

– Дон-дун, мева-чева, қовун-тарвуз сақлаш учун раҳматлик қайнотанг билан бирга қурганмиз, ҳамма бойлигимиз шу ерда туради, – деганди бир гал қайнонаси раҳматлик кулиб.

Ойдин “ғаллатом” остонасида узоқ туриб қолди. Хона шифтига осилган узум ғўралари, қаторлашган дон-дун қоплари ортидаги қўлбола канораларга якан белбоғ қилиб осиб қўйилган қовунлар, пастдаги қовоқларни кўриб, қайнонаси раҳматлик фарзандлари билан қанчалик меҳнат қилганини кўз олдига келтирди.

– Аёл боши билан-а! – деб қўйди юраги эзилиб. Сўнг ёдига эшик олдига тўкилган шоли дони тушди. Ошхонадан лаганча олиб чиқиб, тўкилган шоли донларини йиғиштира бошлади. Шу пайт кўча томондан аёл кишининг чақиргани эшитилди. Қўлида лаган билан дарвозахона томон шошилди.

– Шунча чақираман, эшитмадингми, болам, – остонада қайнонасининг синглиси Маржон хола турарди.

Ойдин холани кўриб қувониб кетди. Ҳайҳотдай ҳовлида  ёлғиз ўзи, ахир. Маржон хола ичкарига йўналаркан, келиннинг қўлидаги лаганга кўзи тушиб ранги ўзгариб кетди.

– Ш-шолими? – деди у Ойдинга синчковлик билан боқиб.

– Ҳа, “ғаллатом” олдида тўкилибди, йўлак четигаям, териб олдим.

Маржон хола раҳматлик опасининг гапларини эслади:

– Маржоной, – деганди бир куни, – уйимдан барака кетаётганга ўхшайди.

– Қўйсангиз-ай, ойопа, гумон – имонсизлик, дейсиз-у, ўзингиз гумончи бўлиб қолибсиз. Барака қаерга кетаётир, ушлаб қолайлик, – ҳазиломуз деди Маржон.

– Шу, “ғаллатом”дан у-бу йўқолаётгандай...

Маржон ўшанда эътибор бермаганди. Орадан ҳафталар ўтиб, катта ўғли шоли тегирмонига борадиган бўлди. Ҳадеганда келавермагач, келинига:

– Қўнғироқ қилчи, Ботир нега кечикди экан ё навбат кўпмикан? – деди хавотирланиб.

Келини “ҳозир келаркан”, дегач, сал тинчиди. “Ҳозир келадиган” Ботир шу куни ярим тунгача шоли тегирмонида қолиб кетганди. Ўшанда Ботир онасига:

– Гулжон холамнинг уч қоп шолисини ҳам оқлатиб бердим, муштдай қўшни болага бериб юборишибди. Ҳикматилло акам, Ҳабибулло нима қилишаётган экан, икки эркакдан бирининг қўли тегмабдими? – деганди оғриниб.

Ҳафта ўтиб, Маржон опасиникига борди.

– Ўғилларингиз қилмаса, мана, менинг болаларим бор, нега қўшни боладан хоразга шоли жўнатдингиз? – деди ростмана хафа бўлиб.

Гулжон опаси ҳайрон бўлди. Синглисига ҳеч нима демай, аста ўрнидан туриб, “ғаллатом” томонга кетди. Опасининг ортидан борган Маржон уни “ғаллатом” эшигига суянганча ўта ўйчан ҳолатда кўрди.

– Мен сенга айтган эдим, уйимдан барака кетаётир деб, ишонмадинг, гапимни  назарингга илмадинг, – биров эшитиб қолишидан қўрққандай ҳадик билан гапирди опаси. – Мана, кўриб қўй, 4-5 қоп шоли йўқ, мева-чева, қовун-қовоқ ҳам ола-була...

– Бировдан гумонингиз борми? – сўради Маржон.

– Инсоф берсин, инсоф берсин, келин...

Маржон донг қотиб қолди.

– Келин?! Салима-я?

– Ҳа, Салима, қўшни келин билан тил бириктириб, шоли оқлатиб, сотдираркан.

– Шуни билиб туриб индамай юрибсизми, ойопа!

– Ҳикматилло билса, оиласига совуқчилик тушмасин, деб...

– Бунинг охири ўша “совуқчилик”дан ҳам ёмон бўлади-ку, ойопа!

– Майли, сен ҳам индама, бир куни инсофга келар...

Маржон хола келиннинг “инсофга келиши”ни кутиб ўтирармиди, тинчий олмади. Ўша қўшни келиннинг 7-синфда ўқийдиган ўғлини сўроққа тутди:

– Қудратжон, хоразга бориб турибсанми? – деди унинг кўзига тик қараб. – Айтавер, ҳеч кимга айтмайман. Агар менга айтмасанг, мактабингга бориб, устозингга айтиб бераман...

– Менга гуручнинг ушоғини сотиб, пулини сен олақол, дейишгач...

– Ҳа, баракалла, болам, ақлли бола ёлғон гапирмайди. Салима чечангнинг гуручини сен сотиб бераяпсанми, а?

– Онам сотиб, пулининг ҳаммасини беради...

Маржон шу куниёқ опасиникига бориб, Салимани тузламоқчи бўлди. Лекин опаси зинҳор бундай қилмаслигини, болаларининг тинчини бузмаслигини илтимос қилиб ялингач, шаштидан қайтди. Бироқ Салиманинг ўзи билан ёлғиз қолганида бор гапни юзига солди.

– Ўз ризқингни ўзинг сотаяпсанми, ўғирлаб-а?!

Салима лом-мим  демай, бошини эгиб ўтирар, унга сари Маржон хола жаҳл отига минарди.

– Эринг, болаларинг, қайнинг, овсининг олдида ким деган одам бўлдинг, Салима? Ахир уларнинг ҳаққидан юлиб олаётирсан-ку!

Салима ўшанда юм-юм йиғлаб кечирим сўраган, янги урф бўлган шуба пальто олиш учун шундай қилганини, бошқа ҳеч қачон бундай ишга қўл урмаслигини айтиб, онт ичганди...

Маржон хола ҳозир  шуларни ўйларкан, юраги сиқилди. Болаларининг тинчлигини ўйлаб, келинининг ўғирликларини яширган опасининг қиёфаси кўз олдидан кетмай қолди. Гўё унга: “Маржон, болаларимнинг тинчлиги, оиласи бузилмасин”, деяётгандай бўлди. Оғир тин олди.

Шу куни Маржон хола опасиникида тунаб қоладиган бўлди. Кечқурун жиянлари, келинлар, невара жиянчалари билан дастурхон атрофида опасини эслашди, қуръон тиловатлар қилишди. Гапдан-гап чиқиб, Ҳикматилло холасига:

– Хола, онам жуда хокисор эдилар-а, – деди маҳзунлик билан. – Мени, Ҳабибуллони ишидан қолмасин, деб қўшни бола орқали бир-икки марта шоли оқлатибди, гуруч сотдириб, укам билан синглимнинг кам-кўстларини тўғрилабди, биз билмабмиз, эҳ, онажоним-ай!

– Болаларимнинг тинчини бузмайин, деган-да, боёқиш, ҳали шундай ишлар ҳам қилибдими оёпам?! – Салимани зимдан кузатаркан, кўзига ёш олди Маржон хола. – Сен буни қаердан билдинг, Ҳикмат?

– Тунов куни хоразга боргандим, онамнинг маъракаларига шоли оқлатиб қўяйин деб, хоразчи шундай деди, жуда ёмон бўлиб кетдим, хола. Яна нима дебди денг. Қўшни бола Қудрат шоли-поли олиб келса, кўп кутдирмай оқлаб бер, деб илтимос қилибди.

Маржон холанинг томоғига нимадир тиқилгандай, нафаси бўғилди, юраги оғриди. “Эҳ, опам-ай”, – деди ичида, – “у дунёга кетаридан олдин Салиманинг изини тозалаб ҳам қўйибди-да”. У Салимага қаради. Шунчаки қарамади. Алам ва нафрат билан тикилди. Салима ер билан битта бўлиб ўтирар, бошини кўтариб на эрига, на бошқаларга қарашга ботинмасди:

– Хола, – деди виждон азобида бутун вужуди ловиллаб ёнаётган каби қийналиб кетган Салима. – Мен бундай яшай олмайман, мени кечиринглар.

Ҳикматилло хотинини биринчи марта кўраётгандай ҳайрат билан тикилди.

– Сени жинпин урмадими, нима бўлди? – деди ажабланиб.

– Мени жин урган, жин урганига кўп бўлган. Жин урмаса шу ишни қилармидим, кечиринглар, – йиғлаб юборди Салима ва “ғалла-том”дан бир-икки марта 2-3 қопдан шоли олиб, ўғринча оқлатгани ва қўшни келин орқали сотганини айтиб, қайта-қайта кечирим сўради.

– Мени болаларим, овсиним олдида шарманда қилманг, илтимос, – дея ялинди.

Ҳикматилло лом-мим демади-ю, аста ўрнидан туриб, онасининг ётоғи томон йўналди. Бироздан сўнг унинг ҳиқиллаб йиғлагани эшитилди. “Не қилсин, вояга етаётган уч ўғли, оёғига йиқилиб кечирим сўраётган хотини, ўғлининг оиласи тинчлигини сақлаш учун оиладаги бу сирни юрагига кўмиб, ўзи билан олиб кетган онаси... Қай бирини оқлаб, қай биридан кеча олади? Кимни қораласин? Ўзиними? Кун-у тун иш-иш деб оиласининг ичкарисига бирров назар солмай яшаган ўзиними? Отадан етим қолган болаларига умрини бағишлаб, оила ташвишларини елкалаб, яхшисини ошириб, ёмонини яшириб яшаган онажонининг юрагида шунча қудрат борлигини нега сезмади у? Келинини сукут сақлаб кечирган, сукут сақлаб ўғлининг оиласини асраган онажонидаги журъат, сабр, матонатнинг бир зарраси бормикан унинг ўзида?!”

Ҳикматилло бир неча кун хомуш юрди, хотинига эътибор ҳам бермади, гапирса, жавоб қайтармади. Шундай кунларнинг бирида онаси тушига кирди. “Болам, чеҳрангни оч, оила сири сочилмади, шукур, кечиримли бўлсанг, ҳаловат топасан, чеҳрангни оч...”, дермиш. Уйғониб кетди. Ювиниб, нонуштага ўтираркан, бўйлари ўсиб қолган уч ўғлига боқиб, кўзлари қувонди. Укаси Ҳабибулло бир неча кундан бери тундлашиб юрган акасининг яшнаб турган юзига боқиб: “хайрият, акамнинг соғлиги яхши”, деб қўйди ичида.

Ойдин тайёрлаган нонуштани барчаси мақтаб-мақтаб тановул қилишди.

– Келин пазандаликда сендан ўзиб кетибди-ку! – деди Ҳикматилло хотинига.

Эрининг бу гапи Салимага катта мукофот, гуноҳи кечирилганига кафолат эди. У қувониб кетди.

Робия ЙЎЛДОШЕВА.

🎬 Видеогалерея Барчаси →
Билим ва имкониятлар маскани ▶ Билим ва имкониятлар маскани 24.09.2026 14 нафар маҳкум жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди ▶ 14 нафар маҳкум жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди 24.09.2026 Юқумли касалликларга қарши эмлаш бўйича кўргазмали семинар ўтказилди ▶ Юқумли касалликларга қарши эмлаш бўйича кўргазмали семинар ўтказилди 24.09.2026 Техникумда Ўзбекистон Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси ташаббуси билан йиғилиш ўтказилди ▶ Техникумда Ўзбекистон Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси ташаббуси билан йиғилиш ўтказилди 23.09.2026 Ўқувчилар ўртасида соғлом турмуш тарзи тарғиб қилинди ▶ Ўқувчилар ўртасида соғлом турмуш тарзи тарғиб қилинди 23.09.2026 Бобур номли овулда 54 оила имтиёзли кредит эвазига ўз ишини бошлади ▶ Бобур номли овулда 54 оила имтиёзли кредит эвазига ўз ишини бошлади 23.09.2026 Амударё нуронийлари ёшлар тарбияси бўйича аниқ вазифаларни белгилаб олди ▶ Амударё нуронийлари ёшлар тарбияси бўйича аниқ вазифаларни белгилаб олди 22.09.2026 Қорақалпоғистонда 8 ойда 13,2 миллиард сўмлик ноқонуний электр истеъмоли аниқланди ▶ Қорақалпоғистонда 8 ойда 13,2 миллиард сўмлик ноқонуний электр истеъмоли аниқланди 22.09.2026 Депутатлар Амударё туманида тиббиёт, ижтимоий ҳимоя ва таълим соҳаларини ўрганди ▶ Депутатлар Амударё туманида тиббиёт, ижтимоий ҳимоя ва таълим соҳаларини ўрганди 22.09.2026 Сув таъминоти иншоотлари куз-қиш мавсумига тайёрланмоқда ▶ Сув таъминоти иншоотлари куз-қиш мавсумига тайёрланмоқда 21.09.2026 Хайрия тадбири доирасида эҳтиёжманд оилалар ва нуронийлар ҳолидан хабар олинди ▶ Хайрия тадбири доирасида эҳтиёжманд оилалар ва нуронийлар ҳолидан хабар олинди 21.09.2026 Амударё туманида қишлоқ хўжалиги бўйича республика семинари бўлиб ўтди ▶ Амударё туманида қишлоқ хўжалиги бўйича республика семинари бўлиб ўтди 21.09.2026 Дарё бўйи маҳалласида ижтимоий ҳимоя ишлари манзилли йўлга қўйилган ▶ Дарё бўйи маҳалласида ижтимоий ҳимоя ишлари манзилли йўлга қўйилган 21.09.2026 Чекка ҳудудлар аҳолиси ҳам тоза ичимлик суви билан таъминланмоқда ▶ Чекка ҳудудлар аҳолиси ҳам тоза ичимлик суви билан таъминланмоқда 17.09.2026 Синфдошлар 60 йилдан кейин яна мактаб биносида дийдорлашдилар ▶ Синфдошлар 60 йилдан кейин яна мактаб биносида дийдорлашдилар 15.09.2026 “Бирлашиб, буюк тарих яратамиз” шиори остида “Маърифат карвони” лойиҳаси доирасида маданий-маърифий тадбир ўтказилди ▶ “Бирлашиб, буюк тарих яратамиз” шиори остида “Маърифат карвони” лойиҳаси доирасида маданий-маърифий тадбир ўтказилди 14.09.2026 Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг муаммолари манзилли ўрганилди ▶ Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг муаммолари манзилли ўрганилди 11.09.2026 Амударёда тадбиркорлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди ▶ Амударёда тадбиркорлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди 10.09.2026 Совитгичли омборлар – бозорларда нарх барқарорлигини сақлашда муҳим восита ▶ Совитгичли омборлар – бозорларда нарх барқарорлигини сақлашда муҳим восита 10.09.2026 Саҳна орқали фикрлашув: муҳокама марказида – аёл ҳуқуқлари ▶ Саҳна орқали фикрлашув: муҳокама марказида – аёл ҳуқуқлари 09.09.2026 Оилавий зўравонликка қарши мутахассислар салоҳияти оширилмоқда ▶ Оилавий зўравонликка қарши мутахассислар салоҳияти оширилмоқда 09.09.2026 Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг навбатдаги 24-сессияси ҳақида ахборот ▶ Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг навбатдаги 24-сессияси ҳақида ахборот 08.09.2026 Мактаб ўқувчилари учун йўл хавфсизлиги сабоқлари ўтказилди ▶ Мактаб ўқувчилари учун йўл хавфсизлиги сабоқлари ўтказилди 08.09.2026 Нукусда юк ташувчи ҳайдовчилар билан тарғибот тадбирлари ўтказилди ▶ Нукусда юк ташувчи ҳайдовчилар билан тарғибот тадбирлари ўтказилди 08.09.2026 Янги китоблар тақдимоти ва ижодий мулоқот: Ахборот-кутубхона марказида ижодкорлар билан учрашув ўтказилди ▶ Янги китоблар тақдимоти ва ижодий мулоқот: Ахборот-кутубхона марказида ижодкорлар билан учрашув ўтказилди 08.09.2026 Маҳаллий бюджет ижроси: даромад, ер ва мол-мулк солиқларида барқарор ўсиш кузатилмоқда ▶ Маҳаллий бюджет ижроси: даромад, ер ва мол-мулк солиқларида барқарор ўсиш кузатилмоқда 05.09.2026 Бобур номли овулдаги кўп тармоқли фермер хўжалиги ▶ Бобур номли овулдаги кўп тармоқли фермер хўжалиги 04.09.2026 Ўйинга асосланган таълим: педагогик инновациялар ва дидактик ўйинлар фестивали юқори савияда ўтказилди ▶ Ўйинга асосланган таълим: педагогик инновациялар ва дидактик ўйинлар фестивали юқори савияда ўтказилди 03.09.2026 Амударёда қутқарув қисмининг янги биноси фойдаланишга топширилди ▶ Амударёда қутқарув қисмининг янги биноси фойдаланишга топширилди 02.09.2026 Электр тармоқлари филиалида коррупцияга қарши курашиш масалалари муҳокама этилди ▶ Электр тармоқлари филиалида коррупцияга қарши курашиш масалалари муҳокама этилди 02.09.2026