21.11.2026
Тил Öz Qq Ёзув Кирилл Lotin
Reklama banneri
Ҳарф ўлчами Ранг Расмлар
21.11.2026, 18:20
Мақолалар 👁 573

ЕТИМНИНГ ҲАҚИ

ЕТИМНИНГ ҲАҚИ

 (Бўлган воқеа)

Бибихадича Сорабибининг  уч ўғилдан кейин кўрган ёлғиз қизи эди. Институтни битирган йили қўшни қишлоққа узатишди. Куёви ҳам, қайнона-қайнотаси ҳам жуда одамохун, тушунган инсонлар бўлганлигидан Сорабиби энанинг қизидан кўнгли  тўқ, хотиржам эди. Қизи билан куёвининг кулиб-ўйнаб келишларидан ич-ичидан қувонар, “бахтингга кўз тегмасин, болам”, деб орқасидан қизига сездирмай “туф-туф”лаб қўярди. Аммо... Аллоҳ бу бахтиёрликни Сорабиби энага кўп кўрдими ё бу бир синови бўлдими, у бир кунда куёвидан ҳам, қизидан ҳам  жудо бўлди...

Биринчи фарзандига ҳомиладор, бугун-эрта кўзи ёрийди, деб невара кути-шаётганида икки оила бошига кулфат қўпди, автоҳалокат туфайли бирин-кетин иккаласи ҳам бу дунёни тарк этишди. Нуриддин шу куннинг ўзида, Бибихадича эса икки кун ҳаёт билан курашиб, учинчи куни жон берди. Бахтли тасодифми ёки Аллоҳнинг иродасими, Бибихадича вафот этмасидан бир кун олдин ой-куни етиб турган чақалоқни кесарча кесиш орқали дунёга келтирди. Қорнидаги бола қандай дунёга келди, ўғилми, қизми? Бибихадича  билдими, йўқми, буниси Аллоҳга аён. Боз устига бу дардни кўтара  олмаган қудағайи ҳам бир ойнинг нари-берисида оламдан ўтди-кетди. Бир ойлик чақалоқ эса...

Дунёнинг барча ғамларидан бехабар гўдак туғруқхонанинг чақалоқлар бўлимида, шифокорлар назоратида кун ўтган сайин онасига интиқ “инга”лаб улғаярди.

– Синглингдан қолган ёдгор, болани ўзимиз парвариш қила қолайлик, – деди онаизор кенжа ўғли Нодир билан кенгашиб.

Келини Зоҳидага  қайнонасининг гапи ёқмади, шекилли, аста томоғини қириб қўйди.

– Уйидагилар нима дер эканлар? – деди Зоҳида эрига синовчан тикилиб.

– Уйидагиларми, – чайналди Нодир, – уйида болани парваришлайдиган одам борми? Қуда бува ногирон бўлса, катта келинининг рўзғори бўлак.

– Ўзимиз катта қиламиз! – чўрт кесди Сорабиби эна.

Нодирнинг битта қизалоғи бор эди. Энди ўғилли ҳам бўлади, жигарини бегонага берсинми? Бермайди! Ўзи  парвариш қилади, тамом, вассалом!

Нодир шундай қилди, гўдакни уйига олиб келди.

Ёдгоржон мактабни битирадиган йили Сорабиби эна ўғлига кичкина тугунча берди:

– Мана бу синглингнинг тақинчоқлари, – деди у кўзлари ёшланиб. – Ёдгоржон  уйланганида, келинга бераман, деб асраб қўйгандим. Ҳа, айтганча, мана бу омонат дафтарча. Унга ҳар ойда Ёдгоржонга бериладиган нафақа пуллари ўтказилади. 16 йилдан бери қанча бўлганини билмайман. Фақат илтимос, 1 тийинига ҳам тегма, болам, “Етимнинг ҳақи етти дарёни қуритади”, – дейишади. Етимнинг ҳақига хиёнат асло кечирилмайди, эҳтиёт бўл, болам.

Нодир ишга кетаётиб сабри чидамади, машинасини тўхтатиб, секин-асталик билан тугунни очди. Тугунча ичида олтин ва кумуш тақинчоқлар, онаси берган омонат  дафтарчаси ҳам бор эди. У онасининг гапларини эслади: “Бир тийинига ҳам тегма, етимнинг  ҳақи етти дарёни қуритади...”

Шу куни кечқурун Нодир тақинчоқлар солинган тугунчани Зоҳидага берди:

– Олиб қўй, Ёдгоржоннинг онасиники, уни уйлантирганимизда келинга берамиз.

Зоҳиданинг кўзлари ёниб кетди. Тақинчоқларни бир-бир томоша қиларкан, ўзича тахмин қилди:

– Тиллалари асл экан, камида 100 грамм келади-ёв. Ҳаммаси қадимий. Ҳозирги тиллаларга ишонч йўқ. Кумуш тақинчоқлари ҳам жуда асл-а!

– Мен сенга сифатини аниқла, демадим, асраб қўй, дедим, – жаҳли чиқди Нодирнинг. – Булар етимнинг ҳақи, биронтасига тега кўрма!

– Вой, вой-а, Ёдгор етимми? Егани олдида, емагани ортида-ку! Ўз боламиздай авайлаб катта қилган бўлсак.

Зоҳиданинг бу гапларини остонада пайдо бўлган қайнонаси эшитиб, дили оғриди:

– Ҳай болам-а, етим ўз ошини ичар, деганлар. Боқиб катта қилганимиз – шу норасида учун бир хайр-эҳсон бўлақолсин. Бу гапни бошқа тилингга олакўрма.

Шу йили Ёдгоржоннинг омади келиб, Самарқанд тиббиёт институтига давлат гранти асосида ўқишга кирди. Кўзим тириклигида неварамни уйлантираман, деб ният қилган Сорабиби эна яна 4-5 йил кутадиган бўлди. Бу орада Нодир қўшни маҳалладан ер олиб, янги иморат тиклади. Иморати билан ёнма-ён озиқ-овқат дўкони ҳам қуриб, янги йил арафасида савдо-сотиқни бошлаб юборди. Савдодан келган даромад эвазига иморатини бутлаб, Ёдгоржон ўқишини битирадиган йили оиласи билан кўчиб ўтди. Ҳайҳотдек ҳовлида Сорабибининг ёлғиз ўзи яшай бошлади.

– Яна бир-икки ойдан Ёдғоржон институтни битиради, уйлантирамиз, уйимиз тўлиб қолади, – деди Нодир хижолатпазлик билан. – Унгача биз билан яшаб туринг, илтимос, у ёқда дўкон ишлари тўхтаб қолмасин, ўзимиз бошида бўлмасак, бўлмайди.

– Отанг, опангнинг чироғини ким ёқади, болам, мени қайғурма, – деди Сорабиби эна ўғлига хотиржамлик билан.

Аввалига дўкон савдосидан кўнгли тўқ, бири икки, иккиси ўн бўлаётган Нодирнинг сўнгги пайтларда негадир иши юришмади. Буни дўкондаги моллар хилма-хиллигини таъминлаёлмаётганига йўйиб, савдодан тушган бор пулини сарфлаб, дўконни тўлдириб ташлади.

Ёдгордан тўрт ёш кичик бўлган ўғли Ботиржон Нукусда, универститетда шартнома асосида ўқирди. Ўша куни таътилга чиқиб келиб, дадасига дўкон ишларида кўмаклаша бошлади. Пешиндан сўнг, Нодир маҳалладаги тўйга чиқиб кетди. Дўкон ишларини Ботиржонга ташлаб, Зоҳида ҳам бирров кўриниб келай, деб қўшни аёллар билан тўйга отланди. Ота-онаси кетгач, Ботиржон чой ичгиси келди, дўкон ичкарисига ўтиб стол устида турган электр човгумда сув қўйиб қўйди. Бу орада кечқурунги савдо авж олди. Биров тўйга бораётиб савдо қилди, биров келаётиб. Ботиржон электр човгумни бутунлай унутди. Боз устига дўкон ичкарисига кириладиган эшик ҳам зич ёпилганидан ичкарида бошланган ёнғинни бирданига илғаб олиш қийин эди.

– Ботир! – дўконга кирган харидорлардан бири бор овози билан бақириб юборди. – Ёнаяпти, ичкари ёнаётир, ташқарига, ташқарига чиқинглар!

Довдираб қолган Ботир ташқарига эмас, дўкон ичкарисига қараб юрди. Темир эшик тутқичига теккан қўли ҳавода муаллақ қолди. Қандайдир куч уни  қаттиқ итариб юборди. Кучли гувиллаган овоз эшитилди-ю бирданига бутун дўкон, унга қўшилиб, дўкон ёнбошидаги ҳовли-жой ҳам олов ичида қолди. Одамлар Ботиржонни зўрға ташқарига олиб чиқишди. Ўт ўчирувчилар, “тез ёрдам” машинаси етиб келгунича Нодирнинг уй-жойи ҳам, дўкони ҳам даҳшатли олов ичида гувиллаб ёнар, ёнғин энди қўшни уйларга ҳам ўрлай бошлаганди.

Шифохонада ўзига келган Ботиржоннинг тепасида бемажол ўтирган Нодир ва Зоҳидани таниб бўлмас, неварасининг омон қолганига тинмай шукрона айтаётган Сорабибининг ичига чироқ ёқса ёримас, кўнгли хижил, зил эди. Ботиржон ўзига келгач, келини ва ўғли билан уйига қайтган Сорабиби Ёдгорнинг боқувчисини йўқотганлик  нафақаси жамғариладиган омонат дафтарчасидаги пулларни “доллар”га айлантириб қўямиз”, деганлари учун Нодирга нақдлаштириб олиб берганини эслади-ю, баттар юраги зил кетди. “Шу пулларни ишлатиб қўйдимикан-а?” Худо асрасин, Нодири бундай ақлсиз эмас, ишлатмагандир”, Сорабиби эна охири журъат қилиб дилидан кечганларини тилига чиқарди:

– Ёдгорнинг нафақалари жамғармасига... тегмаганмидинг?

Нодир лом-мим демади. Бошини қуйи солганча ўтираверди. Сорабиби “Оҳ!” деб юборди. Зоҳида эса йиғлаганча ичкарига кириб кетди. Бироздан сўнг чиқиб:

– Сиз қарғагансиз, эна, қарғагансиз, шу етимнинг тарафини олавериб, бизни қуритдингиз, қуритдингиз!

Дарвоза олдида қўлларида товоқ кўтарган қўшни аёллар билан маҳалладаги энг кекса онахон Рўзигул момо кўринди. Зоҳиданинг овозини эшитиб, улар остонада тўхтаб қолишди. Мункиллаб қолган Рўзигул момо аста Сорабиби эна ўтирган сўрига яқинлашди ва:

– Зоҳида келин, бу ёққа кел, – деди овозини кўтариб.

Йиғлайвериб кўзлари шишиб кетган Зоҳида итоаткорлик билан Рўзигул момонинг олдига келди.

– Оналар болаларини қарғамайди, билдингми? Энангга тик боқиб, туҳмат қилгандан кўра, “тавба” де. Ботиржоннинг омон қолганига шукур қил. Ёдгоржоннинг ҳақига теккан бўлсанглар, кам қилмай жойига қўйинглар. Етимнинг ҳақини Аллоҳ беради, Аллоҳнинг инъомига хиёнат қилганнинг аҳволи не кечишини, мана, кўриб турибсан. Қачонки, етимнинг ҳурматини жойига қўймас экансан, биринг икки бўлмайди. Иккинчи овозингни кўтариб, шаллақилик қилма!

Зоҳида ўкраб йиғлаб юборди. У Бибихадичанинг тақинчоқларини олиб чиқиб, қайнонасига бераркан:

– 50 граммлик тилла занжирини сотиб, янги уйга пардалар олгандим, қайтарарман, – деди надомат билан. – Нафақа пуллари... Ўша пулга дўкон қурган эдик...

Офат етган хонадонга кечки ош-овқат олиб чиққан қўшнилар донг қотиб қолишди. Сорабиби эна эса унсиз йиғлар, олдида бош эгиб ўтирган келинига, нарироқда ер чизиб қолган ўғли Нодирга бирон гап айтишдан ожиз эди. Нодирнинг қулоқлари остида онасининг сўзлари тинмай акс-садо берарди:

–Етимнинг ҳақи етти дарёни қуритади... қуритади... қуритади!

Робия ЙЎЛДОШЕВА.

🎬 Видеогалерея Барчаси →
«INFOLIB ÖZBEKISTON–2026» ахборот-кутубхона ҳафталигига старт берилди ▶ «INFOLIB ÖZBEKISTON–2026» ахборот-кутубхона ҳафталигига старт берилди 20.11.2026 Эскирган боғлар ўрнида интенсив боғлар барпо этилади ▶ Эскирган боғлар ўрнида интенсив боғлар барпо этилади 20.11.2026 Сув тармоқларига ноқонуний уланишлар бўйича назорат тадбирлари ўтказилмоқда ▶ Сув тармоқларига ноқонуний уланишлар бўйича назорат тадбирлари ўтказилмоқда 18.11.2026 БИР ВАТАН, БИР ЭЛ, БИР БАЙРОҚ! АМУДАРЁДА БАЙРОҚ ЭСТАФЕТАСИ КЎТАРИНКИ РУҲДА ДАВОМ ЭТДИ ▶ БИР ВАТАН, БИР ЭЛ, БИР БАЙРОҚ! АМУДАРЁДА БАЙРОҚ ЭСТАФЕТАСИ КЎТАРИНКИ РУҲДА ДАВОМ ЭТДИ 16.11.2026 «Илғор фермерлар клуби» аъзолари учун дала семинарлари ўтказилди ▶ «Илғор фермерлар клуби» аъзолари учун дала семинарлари ўтказилди 16.11.2026 Болажонларга йўл ҳаракати қоидалари ҳақида маълумотлар берилди ▶ Болажонларга йўл ҳаракати қоидалари ҳақида маълумотлар берилди 13.11.2026 Сайёр қабулда 12 та мурожаатдан 10 таси ижобий ҳал этилди ▶ Сайёр қабулда 12 та мурожаатдан 10 таси ижобий ҳал этилди 13.11.2026 Амударё туманида СЕО ва ЖС бўлимининг янги биноси фойдаланишга топширилди ▶ Амударё туманида СЕО ва ЖС бўлимининг янги биноси фойдаланишга топширилди 12.11.2026 Амударёлик нуронийлар мини футбол бўйича ўртоқлик учрашувида ғолиб чиқди ▶ Амударёлик нуронийлар мини футбол бўйича ўртоқлик учрашувида ғолиб чиқди 12.11.2026 49-сонли боғчада экологик тарбиянинг амалий методикалари намойиш этилди ▶ 49-сонли боғчада экологик тарбиянинг амалий методикалари намойиш этилди 12.11.2026 Ўрта қалъа овулида хотин-қизлар билан профилактик учрашув ўтказилди ▶ Ўрта қалъа овулида хотин-қизлар билан профилактик учрашув ўтказилди 12.11.2026 65-сонли мактабнинг янги биноси фойдаланишга топширилди ▶ 65-сонли мактабнинг янги биноси фойдаланишга топширилди 11.11.2026 Амударё туманида кузги шудгорлаш ишларини сифатли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда ▶ Амударё туманида кузги шудгорлаш ишларини сифатли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда 10.11.2026 45-сонли боғчада «Жажжи экологлар» амалий семинари бўлиб ўтди ▶ 45-сонли боғчада «Жажжи экологлар» амалий семинари бўлиб ўтди 10.11.2026 Аҳоли саломатлиги — олий қадрият ▶ Аҳоли саломатлиги — олий қадрият 09.11.2026 Амударё туманида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари ўрганилди ▶ Амударё туманида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари ўрганилди 09.11.2026 Жисмоний тайёргарликдан ўтган чақирилувчилар ҳарбий қисм вакиллари билан суҳбатлашди ▶ Жисмоний тайёргарликдан ўтган чақирилувчилар ҳарбий қисм вакиллари билан суҳбатлашди 09.11.2026 Қўриқлаш хизмати — аҳоли осойишталиги ва мулк дахлсизлигининг кафолатидир ▶ Қўриқлаш хизмати — аҳоли осойишталиги ва мулк дахлсизлигининг кафолатидир 06.11.2026 АМУДАРЁДА “ЯШИЛ МАКОН” ЛОЙИҲАСИ ДОИРАСИДАГИ ИШЛАР ИЗЧИЛ ДАВОМ ЭТМОҚДА ▶ АМУДАРЁДА “ЯШИЛ МАКОН” ЛОЙИҲАСИ ДОИРАСИДАГИ ИШЛАР ИЗЧИЛ ДАВОМ ЭТМОҚДА 06.11.2026 Боғча тарбияланувчилари учун экологик тарбия методикалари намойиш этилди ▶ Боғча тарбияланувчилари учун экологик тарбия методикалари намойиш этилди 05.11.2026 Амударё туманида ички ишлар органлари ходимларининг касб байрами кенг нишонланди ▶ Амударё туманида ички ишлар органлари ходимларининг касб байрами кенг нишонланди 05.11.2026 Меҳнат ярмаркасида 29 нафар фуқаро доимий ишга жойлаштирилди ▶ Меҳнат ярмаркасида 29 нафар фуқаро доимий ишга жойлаштирилди 05.11.2026 Олис овуллардаги мактабларда «Китобхон ёшлар» клублари ташкил этилади ▶ Олис овуллардаги мактабларда «Китобхон ёшлар» клублари ташкил этилади 04.11.2026 Йўлларнинг қиш мавсумига тайёрлиги жойида ўрганилди ▶ Йўлларнинг қиш мавсумига тайёрлиги жойида ўрганилди 04.11.2026 Амударё туманида ҳарбий прокуратура сайёр қабули ва меҳнат ярмаркаси ўтказилди ▶ Амударё туманида ҳарбий прокуратура сайёр қабули ва меҳнат ярмаркаси ўтказилди 04.11.2026 Амударё туманида кузги мавсумда 829 минг кўчат экилади ▶ Амударё туманида кузги мавсумда 829 минг кўчат экилади 03.11.2026 Амударё туманида маънавий-маърифий ишлар самарадорлиги, мавжуд муаммолар муҳокама қилинди ▶ Амударё туманида маънавий-маърифий ишлар самарадорлиги, мавжуд муаммолар муҳокама қилинди 02.11.2026 ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИЛАР УЧУН КАСБ-ҲУНАР ТАЪЛИМИ КУРСЛАРИ ЯКУНЛАНИБ, СЕРТИФИКАТЛАР ТАНТАНАЛИ ТОПШИРИЛДИ ▶ ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИЛАР УЧУН КАСБ-ҲУНАР ТАЪЛИМИ КУРСЛАРИ ЯКУНЛАНИБ, СЕРТИФИКАТЛАР ТАНТАНАЛИ ТОПШИРИЛДИ 02.11.2026 Қонунчиликдаги аёллар ва болалар ҳуқуқлари ҳимоясига оид нормалар тушунтирилди ▶ Қонунчиликдаги аёллар ва болалар ҳуқуқлари ҳимоясига оид нормалар тушунтирилди 31.10.2026 Аҳолига сифатли ичимлик суви етказиб бериш борасидаги камчиликлар бартараф этилмоқда ▶ Аҳолига сифатли ичимлик суви етказиб бериш борасидаги камчиликлар бартараф этилмоқда 31.10.2026