3-сонли техникумда Конституция олимпиадаси ғолиблари аниқланди
Асосий қонунни пухта билган ёш ўз ҳуқуқларини ҳимоя қила олади, фуқаролик бурчини чуқур англайди ва жамият ҳаётида фаол иштирок этишга интилади. Шу боис сўнгги йилларда мамлакатимизда ўқувчи-ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, Конституция қоидаларини таълим муассасаларида кенг тарғиб қилиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири сифатида изчил олиб борилмоқда.
Касб-ҳунар таълими тизимида ҳам бу борада аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинган. Улар ёшларнинг нафақат мутахассислик сирларини, балки ҳуқуқ ва бурчларини ҳам яхши билишига қаратилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 ноябрдаги Фармойиши ҳамда Касбий таълим агентлиги директорининг 2026 йил 20 ноябрдаги буйруғи ижроси юзасидан техникумларда Конституцияга бағишланган олимпиада ташкил этилмоқда.
25 ноябрь куни Амударё туманидаги 3-сонли техникумда ҳам «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қоидалари ва тамойилларини ўрганиш» олимпиадаси бўлиб ўтди. Билимлар беллашувида техникумнинг жами 32 нафар ўқувчиси қатнашиб, мамлакатимиз Асосий қонуни бўйича эгаллаган билим ва кўникмаларини синовдан ўтказди.
Олимпиада «Конституция – инсон қадри, эркинлик, тенглик ва адолат гарови!» бош ғояси остида, Низом талабларига мувофиқ ягона онлайн платформа орқали электрон шаклда ташкил этилди. Ҳар бир иштирокчига 80 та саволдан иборат базадан тасодифий тартибда танланган 25 та тест саволи берилиб, уларни ечиш учун 30 дақиқа вақт ажратилди.
Таъкидлаш керакки, беллашувнинг холис ва шаффоф кечишини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, техникумнинг тарих ва физика фанлари ўқитувчилари ҳамда ахборот-ресурс маркази ходимларидан иборат 3 кишилик кузатувчилар гуруҳи жараённи назорат қилиб бориб, белгиланган тартибга қатъий риоя этилишини текширдилар.
Олимпиада якунларига кўра, энг юқори натижани 1-курснинг 7-2026 гуруҳ ўқувчиси Қурбонбоева Ҳолида Маҳмуд қизи қайд этди: у 100 балл тўплаб, фахрли биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўрин 88 балл билан 2-курснинг 1-2025 гуруҳ ўқувчиси Жумабоева Маҳлиё Зафаржон қизига насиб этди.
Худди шундай 88 балл тўплаган 1-курснинг 10-2026 гуруҳ ўқувчиси Юлдашева Мубина Махмуд қизи учинчи ўринга лойиқ деб топилди. Барча ғолиблар техникум раҳбарияти томонидан дипломлар ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси» китоби билан тақдирланди. Совға этилган китоб ёшларга Асосий қонун моддаларини янада чуқурроқ ўрганишда ишончли қўлланма бўлиб хизмат қилади.
Бундай интеллектуал беллашувлар ўқувчиларда Конституцияни шунчаки ёд олиш эмас, балки унинг мазмун-моҳиятини англаш, ўз ҳуқуқ ва эркинликларини билиш ҳамда уларни ҳаётда қўллай олиш кўникмасини шакллантиради. Беллашувнинг электрон тизимда, кузатувчилар назоратида ўтказилгани эса таълим жараёнида очиқлик ва адолат тамойиллари амалда қарор топаётганини кўрсатади.
Конституциявий қадриятларни қалбига жо этган ёшлар эртага ўз касбининг устаси бўлиш билан бирга, қонунни ҳурмат қиладиган, адолатни қадрлайдиган масъулиятли фуқаро бўлиб етишади. Шу маънода, техникумда ўтказилаётган бу каби танловлар малакали кадр тайёрлаш билан ҳуқуқий маданиятни юксалтиришни бир-бирига боғлаб, касбий таълимнинг тарбиявий салоҳиятини янада оширади.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶