2027 йил ҳосили учун 12 минг гектар ер шудгорланмоқда
Деҳқончиликда келгуси йил ҳосилининг тақдири кўп жиҳатдан кузда ерга берилган ишлов сифатига боғлиқ бўлиб, шу даврда бажарилган агротехник тадбирлар тупроқ унумдорлигини сақлаш ва баҳорги экишни ўз вақтида бошлаш учун мустаҳкам замин яратади. Шу боис мамлакатимизда ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда агротехник тадбирлар ижроси устидан тизимли назорат ўрнатишга устувор аҳамият берилмоқда.
Амударё туманида ҳам 2027 йил ҳосили учун қишлоқ хўжалиги экин майдонларида кузги шудгорлаш ишлари жадал давом эттирилмоқда. Туман режасига кўра, жами 12 минг гектар майдонни сифатли шудгорлаш белгиланган бўлиб, бунда ерларни келгуси экин мавсумига пухта тайёрлаш ҳамда тупроқ унумдорлигини сақлаш ва оширишга алоҳида аҳамият берилмоқда.
Мазкур жараёнлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасининг Амударё тумани бўлими томонидан доимий назорат қилиб борилмоқда. Бўлим мутахассислари тумандаги фермер хўжаликлари ва экин майдонларида амалга оширилаётган ишларни мунтазам ўрганиб, ерлар белгиланган агротехник талаблар асосида ҳайдалаётганини текшириб бормоқда.
Шундай назорат тадбирларидан бири туманда фаолият юритаётган «Юсуф Хўжа» фермер хўжалигида ҳам ўтказилди. Маълумот ўрнида айтиш жоизки, мазкур хўжаликнинг кузги шудгорлаш бўйича белгиланган режаси 70 гектарни ташкил этади.
Ўрганишлар чоғида шудгорлаш ишларининг бориши, ер ҳайдаш сифати, агротехник талабларга риоя этилиши ҳамда ишларнинг белгиланган муддатларда якунланиши масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳайдов сифатидаги ҳар қандай нуқсон экинларнинг униб чиқиши ва ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги сабабли, мутахассислар ҳар бир даладаги ҳолатни синчковлик билан кўздан кечирмоқда.
Шунингдек, тумандаги бошқа фермер хўжаликларида ҳам назорат ва ўрганиш тадбирлари давом эттирилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш, агротехник талабларни тўлиқ бажариш ҳамда кузги шудгорлашни сифатли ташкил этиш юзасидан тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилмоқда.
Таъкидлаш керакки, кузги шудгорнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилиши келгуси йил ҳосилининг пойдевори ҳисобланади. Амударё туманида ерларнинг унумдорлигини ошириш ва агротехник тадбирларни белгиланган муддатда ниҳоясига етказиш борасида бугун қўйилаётган ҳар бир қадам келгуси йилда далалардан мўл ва сифатли ҳосил олишга замин ҳозирлайди.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶