Жўқорғи Кенгес Раиси Амударё тумани ёшлари билан учрашди
Ёшлар билан доимий мулоқот ўрнатиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, мавжуд муаммоларини жойида ўрганиш ҳамда истиқболли ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ёшлар сиёсатидаги устувор вазифалардан биридир. Бу борада ташкил этилаётган очиқ мулоқотлар ёшларнинг таклиф ва мурожаатларини тинглаш, уларни қийнаётган масалаларга амалий ечим топиш ҳамда ҳаётда ўз ўрнини топиши учун зарур шарт-шароитларни яратишга хизмат қилмоқда.
Хусусан, «Ҳар пайшанба — Ёшлар куни» доирасида ўтказилаётган учрашувлар ёшлар билан манзилли ишлаш, уларнинг муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш ва ташаббусларини рўёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев Амударё туманида бўлиб, ишсиз ҳамда оталиққа олинган ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Учрашувда ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни замонавий ва меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга йўналтириш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва ривожлантириш, имтиёзли кредитлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, таълим олиш ва касбий салоҳиятни ошириш билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Мулоқот жараёнида ёшлар ўзларини қийнаётган муаммолар, қизиқтирган саволлар ва келгусида амалга оширишни режалаштираётган лойиҳалари ҳақида сўз юритдилар. Ҳар бир мурожаат ва таклиф эътибор билан тингланиб, уларни ҳал этиш юзасидан тегишли мутасаддиларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Жўқорғи Кенгеси Раиси ёшлар мурожаатларига бефарқ бўлмаслик, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, билдирилган таклифларни қоғозда эмас, амалда рўёбга чиқариш зарурлигини таъкидлади. Шу ўринда қайд этиш жоизки, Амударё туманида ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ва иқтисодий ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, йил бошида аниқланган 2 298 нафар ишсиз ёш «оғир» тоифага киритилиб, улар билан манзилли ишлаш йўлга қўйилди. Ҳисобот даврида ушбу ёшларнинг 1 260 нафари, яъни 54,8 фоизининг бандлиги таъминланди. Шундан 461 нафари ишга жойлаштирилган бўлса, 799 нафари таълимнинг кейинги босқичига йўналтирилди.
Шунингдек, хорижий меҳнат миграциясидан қайтган 80 нафар ёшнинг бандлиги таъминланди. «Ёшлар дафтари»га киритилган 100 нафар ёшга эса жами 179 миллион сўм миқдорида амалий ёрдам кўрсатилди. 2026 йилда ғалладан бўшаган 11,7 гектар ер майдони 39 нафар ёшга такрорий экин экиш учун ажратилди. Бу эса ёшларнинг ердан самарали фойдаланиши, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириши ва қўшимча даромад манбаига эга бўлиши учун имконият яратмоқда.
Шу билан бирга, ёшлар тадбиркорлик лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорлари асосида жами 95 нафар ёшга 3 миллиард 11 миллион 500 минг сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилди.
Туманда таълим муассасаларини тамомлаётган ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласи ҳам тизимли равишда ташкил этилган. 2026 йилда туманда 3 298 нафар мактаб, 516 нафар техникум ҳамда 1 038 нафар олий таълим муассасалари битирувчилари мавжуд. Ҳозирга қадар уларнинг 3 589 нафарининг бандлиги таъминланган.
Шу билан бирга, солиқ инспекцияси маълумотлар базаси орқали 2 311 нафар ишсиз битирувчи ёшлар аниқланиб, уларнинг бандлигини таъминлаш вазифаси тумандаги 48 та идора ва ташкилот раҳбарларига бириктирилган. Раҳбарлар томонидан ёшларнинг бандлиги билан боғлиқ масалалар ўрганилиб, уларни ишга жойлаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
Амударё туманида амалга оширилаётган мазкур ишлар ёшларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш, таълим олиш имкониятларини кенгайтириш ва ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган.
Ўтказилган очиқ мулоқот ҳам бу борадаги ишларнинг мантиқий давоми бўлиб, ёшларнинг муаммоларини жойида ўрганиш, уларнинг таклифларини эшитиш ва аниқ ечимлар белгилашга қаратилди.
Зеро, ҳар бир ёшнинг ўз иқтидори ва имкониятларини намоён этиши учун шароит яратиш, унинг ташаббусини қўллаб-қувватлаш ва муаммосига ўз вақтида ечим топиш нафақат бугунги кун талаби, балки келажак тараққиётининг ҳам муҳим омилидир.
Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶