Чорва моллари ўртасида юқумли касалликларнинг олдини олиш чоралари кучайтирилмоқда
Қорақалпоғистон Республикасида чорвачилик тармоғини ривожлантириш ва ҳайвонлар ўртасида турли юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида тизимли профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси мутахассислари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги хизмати Жамоат тартибини сақлаш бошқармасининг Карантин тадбирларини таъминлаш гуруҳи ходимлари ҳамкорлигида Қораўзак туманидаги чорва бозорида ветеринария назорати кучайтирилди.
Ўтказилаётган назорат тадбирлари давомида турли ҳудудлардан бозорга олиб келинаётган барча чорва моллари ветеринария мутахассислари томонидан мажбурий клиник кўрикдан ўтказилиб, уларнинг умумий саломатлиги синчковлик билан текширилмоқда. Юқумли касалликларнинг бозор ҳудуди орқали тарқалиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида ҳайвонларни профилактик эмлаш, касалликка шубҳали ҳолатларни ўз вақтида аниқлаш ҳамда чуқурлаштирилган лаборатория текширувлари учун қон намуналарини олиш ишлари йўлга қўйилган. Шу билан бирга, санитария хавфсизлигини таъминлаш учун бозорга кириб-чиқаётган барча транспорт воситалари ҳамда бозор ҳудуди мунтазам равишда дезинфекция қилинмоқда.
Айни пайтда Қораўзак туманида кузги эмлаш мавсуми ҳам изчил давом этмоқда. Ушбу муҳим жараённи самарали ва ўз муддатида ташкил этиш мақсадида 4 та махсус ишчи гуруҳи шакллантирилиб, уларга жами 10 нафар малакали ходим жалб этилган. Эмлаш тадбирлари, энг аввало, тумандаги наслчилик хўжаликлари ҳамда аҳоли хонадонларида парваришланаётган чорва молларини тўлиқ қамраб олишга қаратилган.
Жорий йил бошидан буён туманда эпизоотик вазиятни барқарор сақлаш борасида салмоқли ишлар бажарилди. Маълумотларга кўра, ўтган давр мобайнида 62,4 минг бош чорва моллари куйдирги касаллигига, 15,4 минг боши нодуляр дерматитга ҳамда 22,7 минг боши оқсил касаллигига қарши эмланган. Бундан ташқари, чорва молларининг ҳисобини юритиш ва уларнинг ҳаракатини назорат қилиш мақсадида шу кунгача 13,5 минг бош чорва ҳайвони идентификация қилинди.
Амалий тадбирлар билан бир қаторда, аҳоли ва чорвадорларнинг ветеринария соҳасидаги хабардорлигини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда маҳаллий аҳоли вакиллари ва чорвадорлар иштирокида махсус тушунтириш семинари ташкил этилди. Тадбирда мутахассислар томонидан оқсил ва нодуляр дерматит каби ўта хавфли юқумли касалликларнинг асосий белгилари, уларнинг юқиш ва тарқалиш йўллари ҳамда олдини олиш чоралари ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Иштирокчиларга чорва молларида касаллик аломатлари кузатилган тақдирда зудлик билан ветеринария мутахассисларига мурожаат қилиш, ҳайвонларни ўз вақтида эмлатиш ва белгиланган ветеринария-санитария талабларига қатъий риоя қилиш зарурлиги тушунтирилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, чорва ҳайвонларини мунтазам ветеринария назоратидан ўтказиш, режали эмлаш ишларини ўз вақтида бажариш ҳамда аҳоли ўртасида доимий тушунтириш ишларини олиб бориш юқумли касалликларнинг олдини олиш ва ҳудудда эпизоотик барқарорликни ишончли сақлашга хизмат қилади.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶